11:58 / 31.07.2018
9474

Ўзбекистонда қаторасига иккинчи ой дефляция, инфляция йил бошидан бери 5,9 фоизни ташкил қилди

Фото: KUN.UZ

2018 йилнинг июль ойида товар ва хизматлар нархлари даражаси ўртача 0,3%га пасайган (январь ойида инфляция - 2,7%, февралда - 1,1%, март ойида - 1,1%, апрелда - 0,9%, май ойида - 0,8%, июнда - дефляция 0,4%). Январь-июль ойларида инфляция даражаси 5,9%ни ташкил қилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.

Жорий йилнинг январь ойида истеъмол секторидаги нархлар бирмунча сезиларли даражада ошган (2,7%). июнь ва июль ойларидаги мева ва сабзавот маҳсулотлари нархларининг мавсумий омиллар натижасида арзонлашиши, умумий истеъмол нархлари даражасининг пасайишига замин яратди (нархлар даражаси мос равишда 0,4% ва 0,3%га арзонлашган).

Асосий гуруҳлар бўйича нархларнинг ўзгариши таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ноозиқ-овқат маҳсулотлар ҳамда хизматлар нархининг қимматлашиши жорий йилнинг июль ойидаги умумий истеъмол нархлари индекси (кейинги ўринларда ИНИ)га 0,7 фоиз даражасида (ф.д.) таъсир этиб, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг пасайиши эса ИНИнинг 1,0 ф.д.да камайишига олиб келди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ой давомида ўртача 2,3 %га арзонлашганлиги, умумий ИНИнинг 1,0 ф.д.да пасайишига сабаб бўлди.

Бозорларнинг янги ҳосиллар билан тўйиниши натижасида мева ва сабзавот маҳсулотлари нархлари бирмунча арзонлашди. Бу эса озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳи нархлари динамикасига сезиларли даражада таъсир кўрсатди. Мева-сабзавот маҳсулотлари, тухум, шакар ҳамда сут маҳсулотларининг арзонлашиши умумий йиғма ИНИнинг 1,2 ф.д.да пасайишига олиб келди. Гўшт, нон маҳсулотлари, алкоголсиз ва спиртли ичимликлар, шунингдек, бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг қимматлашиши эса ИНИнинг 0,2 ф.д.да ўсишига олиб келди.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий гуруҳи таркибига кирувчи товарлар нархлари орасида қимматлашиш борасидаги етакчилик ёрма ва дуккаклиларга (ўсиш 1,9%), пасайиш бўйича эса картошка, сабзавот ҳамда мева маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади (пасайиш мос равишда 27,5%, 14,3% ва 13,0%).

Ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархларининг 1,7%га қимматлашиши умумий ИНИнинг 0,6 ф.д.да ошишига олиб келди.

Автомобиллар учун ёқилғи ҳамда маиший ёқилғи (кўмир)дан ташқари ушбу гуруҳнинг асосий турдаги маҳсулотлари нархлари орасида сезиларли ўзгаришлар кузатилмади. 

Кўмир нархининг қимматлашиши йиғма ИНИ ошишига 0,5 ф.д.да ёки умумий ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг қимматлашишидаги ҳиссаси 83,3%ни ташкил этган.

2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб, келишув баённомасига асосан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Темирйўлёнилғитаъмин» бошқармасининг кўмир омборхоналари орқали бюджет ташкилотлар ҳамда аҳолига чакана нархларда сотилувчи кўмирнинг янги нархлари амалиётга жорий қилинди. Ой давомида нархлар ўртача 1,7 баробардан зиёдроқ даражада қимматлашди (74,3 %).

Мамлакатнинг баъзи ҳудудлари бўйича кузатувдаги ноозиқ-овқат маҳсулотларнинг айримларида, яъни, шахсий гигиена товарлари (шампунь, тиш пастаси ва бошқалар) ҳамда телевизор нархларининг арзонлашганлиги кузатилган.

Жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб, статистика органлари томонидан асосий турдаги қурилиш материаллари нархларини мониторинг қилиш мақсадида, танланма савдо нуқталарида алоҳида турдаги (тури, нави) қурилиш материаллари нархлари тўғрисида маълумотлар шакллантирилмоқда. 

Top