Самарқанддаги мактаб-интернатнинг қамоққа олинган собиқ директори жиянига ҳам жиноий иш очилди
Самарқанд шаҳридаги 64-сонли алоҳида сақлаш шароитлари, тарбия ва таълимга муҳтож ўғил болалар учун ихтисослашган мактабда кечки сменада тарбиячи бўлиб ишлаган, мактаб директори, худди шу мактабда тарбияланувчилар муттасил калтакланиб, мажбурий меҳнатга жалб этилгани юзасидан қўлга олинган Шуҳрат Садиновнинг жияни бўлган Шерзод Очиловга ҳам жиноий иш очилди.
«Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланаётган Шерзод Очилов (1994 йилда Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, уйланмаган, муқаддам судланмаган, Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармасига қарашли 64-сонли алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати тунги тарбиячи ёрдамчиси лавозимида ишлаган) га нисбатан Самарқанд шаҳар прокуратурасининг «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси кўриб чиқилди ва қанотлантирилди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2018 йил 1 августдаги ажримига мувофиқ айбланувчи Ш. Очиловга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди», дея хабар берди «Kun.uz»га Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ой охирида ОАВда Самарқандда мактаб-интернатдаги ҳолат юзасидан материаллар эълон қилингач, мактаб-интернат директори Шуҳрат Садинов ушланганди.
Самарқанд вилояти прокурори томонидан олиб борилган текширув давомида мактаб-интернат директори ва бошқалар мансаб ваколати доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиб, ўз фаолиятлари давомида мактаб-интернатининг ўқувчиларини мактаб тартиб-қоидаларига риоя қилмаётганини рўкач қилган ҳолда таълим-тарбия давомида уларга раҳмсиз муомалада бўлиб, муттасил равишда уриб, қийнаб, уларга турли даражадаги тан жароҳатлари етказгани аниқланди.
Шуҳрат Садиновга нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» банди (вояга етмаганларга нисбатан муттасил равишда дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнаш), 206-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланганди.
Шикоятчиларнинг мурожаатида мактаб интернатда тунги тарбиячи бўлган Шерзод Очилов директорнинг жияни бўлгани, калтаклашлар унинг сменаси вақтида рўй бергани келтирилганди.
Кейинроқ Халқ таълими вазирлиги Самарқандда қийноққа солинган болалар воқеасига муносабат билдирди.
Шунингдек, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов болалар калтакланган мактаб-интернатга борди ва вазиятни ўрганди.
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024