16 июль куни Жанубий Кореядаги олийгоҳларнинг бирида магистратурада таҳсил олаётган 24 ёшли ўзбекистонлик талаба Иммиграция хизмати ходимлари томонидан калтакланган. Воқеа шу ҳудуддаги видеокузатув камерасига муҳрланган.
Видео 31 июль куни Кореядаги муҳожирларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи агентлик томонидан эълон қилингач, воқеа корейс жамоатчилигининг кескин норозиликларини келтириб чиқарди.
«Azon.uz» нашрининг ёзишича, А. исмли ўзбекистонлик талаба ёзги таътилдан унумли фойдаланиб, Кёнгсанг вилоятининг Ҳаман шаҳарчасидаги заводга ишлаш учун борганди. У дарахт соясида дам олиб ўтирганида нотаниш эркаклар келиб, уни калтаклашади. Маълум бўлишича, талабани калтаклаганлар Чангвон Иммиграция хизмати ходимлари бўлиб, улар ўша куни ноқонуний мақомда юрган муҳожирларга қарши рейд ўтказаётган бўлган.
YTN хабарига кўра эса, талаба полициячилар ҳужжат кўрсатишни талаб қилганида, уларга қулоқ солмаган ва қаршилик кўрсатган. Унинг қўлидаги қурилиш қуролини полициячилар таҳдид ўлароқ қабул қилишган.
MBC каналининг хабар беришича, иммиграция хизмати биносига олиб келинган ўзбекистонлик талаба 5 кун давомида тиббий ёрдамсиз ушлаб турилган. У таълим оладиган Сеул университети Чангвон Иммиграция хизмати номига ўзбекистонлик талабанинг ишини қайта кўриб чиқишни сўраб мурожаат йўллаган. Шундан сўнг тегишли рухсатномасиз ишлагани учун ўзбекистонлик талабага 500 минг вон (тахминан 3,5 миллион сўм) жарима солинган ва у қўйиб юборилган.
Маҳаллий иммиграция хизмати расмийси бу ҳолат юзасидан шундай деган: «Рейд давомида ортиқча жисмоний зўравонлик қўллангани тасдиқланди, биз бўлиб ўтган воқеадан афсусдамиз», дея таъкидлаган.
Ўзбекистонлик талаба ҳозирда Чангвон Иммиграция хизмати устидан даъво аризаси киритишга тайёргарлик кўряпти. Ижтимоий тармоқларда воқеага муносабат билдирган Жанубий Корея фуқаролари ҳам Иммиграция хизмати ходимлари албатта жазога тортилиши керак деган талаб билан чиққан.
«Ҳатто у хорижлик бўлиб, ноқонуний ишлаганида ҳам, ҳуқуқ тартибот органлари унга нисбатан куч ишлатишга ҳақли эмас. Агрессив ҳаракат – бу инсон ҳуқуқларига зарбадир. Биз бу ҳолат юзасидан жиддий текширув ўтказилишини сўраймиз», дейилган петицияда.














