Лагом — бутун бир бошли фалсафа. Кенг, бепоён, улкан. Таржимаси – барча нарсада мўътадиллик. Кўп ҳам эмас, оз ҳам эмас. Айнан керагича. Айнан сизга мос келадиган мувозанат.
Лагом усулидаги ҳаёт – оддий ва ортиқча ҳамда қалбаки буюмларсиз.

Лагом шведлар ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган. Лагом ишлаш мумкин, ошириб юбормасдан. Шим лагом турибди, яъни қандай лозим бўлса, шундай. Ҳатто сув ҳам лагом илиқ бўлади, бу қулай ҳароратдаги сувни англатади.
Ҳар бир соҳада – иш, муносабатлар, интерьер дизайн, услубда шведлар lagom är bäst шиорига кўра иш тутишади. Яъни, қанча зарур бўлса, шунча ол. Мўътадилликдаги калит.
Лагомни ким ўйлаб топган?
Лагом фалсафаси викинглар давридан қолган, деган фикр бор. Сўзнинг ўзи ҳам “лагет ом” (“айлана бўйлаб узатиш”) сўзлари бирикмасидан келиб чиққан. Гап шундаки, маросимларда асал ва мевалардан тайёрланган идиш айлана бўйлаб узатилган: ҳар ким бошқаларга ҳам етишини мўлжаллаб ичиши керак бўлган. Тенглик. Ҳурмат. Қўли очиқлик.
Нима учун айнан шведлар?
Швеция энг фаровон мамлакатлар ўнталигига илк марта кираётгани йўқ. Яқинда ўтказилган ижтимоий сўров натижалари шуни кўрсатдики, шведлар (скандинавиялик қўшнилари билан биргаликда) ўзларини бахтли кишилар санайдилар. Айнан шунинг учун ҳам лагомни ўрганиш янада қизиқарлироқ. Ғоя шведча бўлса-да, уни сайёранинг исталган нуқтасида қўллаш мумкин.
Машҳур блогер Ники Брантмарк ҳатто “Лагом ўзи нима?” деган китоб ёзган ва унда мазкур ғаройиб фалсафа ҳақида ҳикоя қилган. Никининг ўзи Швецияга 13 йил олдин Англиядан кўчиб келган. Бу вақт давомида у ҳаётини кескин равишда ўзгартириб юборди, унга янги одатлар ва бетакрор анъаналарни олиб кирди. Натижада ҳақиқий бахтга эришди.

Улар учун яшаш зерикарлими?
Лагом — роҳатлардан воз кечиш дегани эмас. Уларни мўътадиллик ва мувозанатлашган ҳолда бошдан кечиришдир. Албатта, шведларда ҳам режадан чиқиш ҳолатлари юз беради. Улар дамлаган жуда ўткир швед қаҳвасининг ўзи бир дунё. Ёки кўплаб ширинликларини олайлик – қиём шимдирилган ширинлик, кокос қириндисидаги шоколадли шарча, улар хуш кўрадиган – долчинли кулчалар. Бироқ бундай сийловдан кейин улар ўзларини тийиш билан жазолашмайди, балки мўътадил ҳолатда қолишда давом этадилар.














