Жаҳон | 17:55 / 09.08.2018
7456
2 дақиқада ўқилади

АҚШ коинотда РҚМ сенсорли қатламини жойлаштирмоқчи

Фото: REUTERS

АҚШ космик маконда ракеталарга қарши мудофаа (РҚМ) сенсор қатламини жойлаштирмоқчи. Бу ҳақда Defense News ракеталарга қарши мудофаа бўйича агентлик директори Сэм Гривзнинг Алабама штати Хантсвилл шаҳридаги космик мудофаа бўйича анжумандаги баёнотига асосан хабар бермоқда.

Гривзнинг сўзларига кўра, асосий нарса шундаки, коинотда бундай сенсорли датчикларни жойлаштириш «жиддий кўриб чиқилмоқда» ҳамда бу борада аниқ тушуниш бор. Бундан ташқари, бундай сенсорлар учун талаблар ва уларни сотиб олиш жараёнини аниқлаш керак.

Алабама штатидаги учрашув давомида Гривз коинотда ракеталарга қарши мудофаа сенсор қатлами қандай ишлаши мумкинлиги ҳақида ўз тасаввурини тақдим этди. Шу тариқа, сенсорлар гипертовуш таҳдидлар ва бошқа мураккаб мақсадларни аниқлаши ҳамда кузатиб бориши, шунингдек, ракеталарни кўтарилиш ёки парвоз босқичида тутиб олиши лозим.

Гривзнинг сўзларига кўра, унинг агентлиги коинотда жойлаштириладиган ракеталарга қарши мудофаа учун тутиб олувчи ракеталарни ишлаб чиқмоқчи. Унинг қўшимча қилишича, агентлик Пентагон билан музокаралар олиб бормоқда ва бугунги кунда ушбу салоҳиятни амалга ошириш учун имкониятларни ишлаб чиқмоқда.

Мавзуга оид