Ўзбекистон президенти мамлакат қурилиш соҳаси ходимларига табрик йўллади. Табрик матни президент матбуот хизмати томонидан келтирилган.

Муҳтарам дўстлар! 

Ҳурматли қурувчилар! 

Сиз, азизларни – мамлакатимизнинг қурилиш соҳасини равнақ топтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча юртдошларимизни бугунги касб байрамингиз – Қурилиш соҳаси ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. 

Мана шу қутлуғ айёмда сизларга ўз номимдан, халқимиз номидан эзгу тилаклар ва чуқур миннатдорлик билдираман. 

Биз сизларнинг тимсолингизда ўз меҳнати билан шаҳар ва қишлоқларимизда, бутун юртимизда янги ишлаб чиқариш корхоналари, муҳим ижтимоий объектлар, муҳташам уй-жойлар, йўл ва кўприклар барпо этиб, ҳаётимизни янада обод, гўзал ва тароватли этиш йўлида фидокорона меҳнат қилиб келаётган олижаноб касб эгаларини кўрамиз. 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда, бутун мамлакатимиз каби, қурилиш соҳаси ҳам ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилмоқда. 

Иқтисодиётимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, ижтимоий ҳаётимиздаги улкан ўзгаришлар, жумладан, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида белгилаб олган вазифаларимиз соҳа ривожини мутлақо янгича тарзда, замонавий илм-фан ва инновация ютуқлари асосида ташкил этишни талаб этмоқда. 

Бунёдкорлик йўналишидаги ишларимизнинг миқёси ва кўламини биргина “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида мамлакатимиздаги 159 та туманда 416 та қишлоқни ободонлаштириш бўйича ишлаб чиқилган бош режалар асосида қисқа муддатда 320 та мактаб, 231 та мактабгача таълим, 148 та соғлиқни сақлаш муассасаси ва 77 та маҳалла фуқаролар йиғини бинолари, кўплаб кўча ва майдонлар, жамоат масканларида катта қурилиш ишлари олиб борилаётганида кўриш мумкин. 

Бу борада давлат – хусусий шериклик муносабатлари, қурилиш ташкилотлари ва аҳоли ҳамкорлиги каби янгича фаолият шакллари самарали қўлланаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. 

“Обод маҳалла” дастури бўйича 2018 йилда мамлакатимизнинг 148 та маҳалласида таъмирлаш, ичимлик суви, электр, табиий газ тармоқлари, ички йўллар, ижтимоий соҳа ва бозор инфратузилмаси объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланиб, ўзининг дастлабки натижаларини бераётгани барчамизни албатта қувонтиради.