2018 йил январь-июль ойлари якунларига кўра, республикада ташқи савдо айланмаси 17,8 млрд долларни ташкил этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24,2 %га ўсди.

Экспорт ҳажми 7,6 млрд долларга (ўсиш суръати 15,7 %) ва импорт ҳажми деярли 10,2 млрд долларга (ўсиш суръати 31,4 %) етди.

Саноат тузилмасининг диверсификация қилиниши, экспортни қўллаб-қувватлаш, импорт ўрнини босувчи товар ва маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг янада оширилиши натижасида экспорт таркибида сезиларли ўзгаришга эришилди.

2018 йил январь-июль ойларида республика ташқи савдо айланмасида энг катта улушга эга давлатлар кетма-кетлиги жорий йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан деярли ўзгаришсиз қолди. 2017 йил январь-июль ойларида ташқи савдо айланмасида МДҲ давлатларининг улуши 34,5 %ни ташкил қилган эди. 

Республикада ташқи савдони қўллаб-қувватлаш ҳамда МДҲ давлатлари билан ушбу соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида 2018 йил январь-июль ойларида ташқи савдо айланмасида МДҲ давлатларининг улуши 38,5 %га етди.

Бошқа хорижий давлатларнинг республика ташқи савдо айланмасидаги улуши 2017 йилнинг январь-июль ойларида 65,5 %ни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг ушбу даврида ташқи савдо айланмаси 61,5 %га тушди.

2018 йил январь-июль ойларида экспорт ҳажми 7,6 млрд. долларга (ўсиш суръати 15,7 %) тенг бўлди. Экспорт таркибида товарлар улуши 77,8 %ни ташкил этиб, булар асосан энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари (19,2 %), озиқ-овқат маҳсулотлари (8,7 %), шунингдек, кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар (6,9 %) гуруҳлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Хизматлар экспорти ҳажми 1693,4 млн долларни ёки жами экспорт ҳажмининг 22,2 %ини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20,3 %га ўсганлиги кузатилди. 

Хизматлар экспорти таркибининг асосий улуши транспорт хизматлари, туризм хизматлари, телекоммуникация, компьютер ва ахборот хизматлари, молиявий хизматлардан иборат.

Республикадан экспорт қилинаётган товар ва хизматларнинг асосий қисми Хитой ва Россия ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу умумий экспорт ҳажмининг 34,9 %ини ташкил қилади.

Хитой ва Россияга экспорт қилинаётган товарлар таркиби асосан энергия манбалари ва нефт маҳсулотлари, кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳларидан иборат.