Молия ва Халқ таълими вазирликларининг идоралараро делегацияси жорий йилнинг 30 июлидан 6 августига қадар ишчи ташриф билан Корея Республикасида бўлиб қайтди. Делегация таркибига кирган вазирлик ва идоралар бўлинма бошлиқларига Халқ таълими вазири ўринбосари Отабек Назиров бошчилик қилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Сафардан кўзланган мақсад таълим тизимини бошқариш ва молиялаштириш бўйича дунёда энг ривожланган ва муваффақиятли давлатлардан бири бўлган Корея Республикасининг тажрибасини ўрганиш эди.  

Шуни таъкидлаш керакки, Кореяда ўқитувчи касбининг мавқеи мансабдор шахс мақомига тенглаштирилган. Қолаверса, ўқитувчилар барқарор, яхши ва мунтазам равишда ошиб борувчи ойлик маошидан ташқари давлат мансабдор шахслари билан тенг ҳуқуқли кўплаб имтиёзларга эга. Фақатгина таълим бўйича ҳудудий қўмита ўқитувчини ишга олиш ваколатига эга. Мактаб директори ўқитувчини ишдан бўшатиш ёки унинг ҳуқуқларини поймол этишга қаратилган бошқа таъсир ўтказиш ваколатига эга эмас.  

Ташрифнинг илк куни делегацияни Корея Республикаси таълим вазири ўринбосари Ким Жунг Чул қабул қилди. Учрашув давомида жаноб Юнг Чул Корея Республикасидаги таълим тизимининг ривожланиш тарихи, 1940 йиллардан бошлаб Корея таълим соҳаси ва умуман иқтисодий ривожланишда дунёдаги етакчи давлатлардан бирига айлангунига қадар бўлган давр билан таништирди. Бундан ташқари учрашувда мактаб таълим тизими мутахассислари билан ўқитувчи ва директорларни танлаш методологияси, янги мактаблар қурилиши ва моддий-техник таъминотига оид масалалар муҳокама қилинди.

Биринчи кун якунларига кўра, мактаб таълими соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ходимларига масофадан туриб Корея Республикаси таълим вазирлиги томонидан эксперт кўмагини кўрсатиш ва маслаҳатлар бериб боришга келишилди.

Иккинчи кун делегация Тэгу шаҳар ҳудудий қўмитасининг Таълим бошқармаси бошлиғи Канг Ён Хе билан учрашди. Делегацияни Жанубий Кореяда илғор саналган таълим қўмитасининг фаолияти билан таништиришди. Муҳокамалар жараёнида ҳудудий қўмита амалда таълим тизимини  тўлақонли назорат қилиши, яъни таълим сифати, ўқув дастури методикаси, ўқитувчиларни мактабларга тақсимлаш, мактабларга бюджет ажратишни қўмита назорат қилиши таъкидлаб ўтилди. Шунингдек,  ҳудуднинг иқтисодий ва демографик прогнозига кўра, янги мактаблар очиш қарори ҳам қўмита ваколатига киради.