Брэд ўз компаниясини қайта тузишдек мураккаб жараёнда етарлича юқори кўрсаткичларни қайд этаётган ажойиб сотувлар бўлими бошлиғини ишдан бўшатишга доир қарор қабул қилди. Уч ой ўтса ҳамки Брэд бу ҳақида унга хабар қила олмади. Мен бунинг сабабига қизиқдим. У "Мен лапашангман!" дея жавоб берди.
Брэд — молиявий компанияда СЕО ва шубҳасиз, лапашанг эмас. У барча каби инсон, шу боис стратегик муҳим қарор қабул қилиш вақтида қийинчиликлар билан тўқнашади.
Ёшингиз, касбингиз ёки мавқеингиз қандай бўлмасин, муҳим ишни бажариш учун мураккаб суҳбатлар олиб бориш, кишиларни масъулият ва амалий хатти-ҳаракатларга чорлашингизга тўғри келади. Қўйилган вазифаларни уддалаш учун кишиларда ишонч уйғотувчи, ўз ортидан эргаштира олувчи ва умумий муваффақият учун ўзини юз фоиз ишга бағишловчи жозибали инсон қиёфасини яратиш зарур.
Олий тоифали раҳбарларни тайёрловчи Bregman Partners компаниясининг бош директори Питер Брегман HBR'да муваффақиятли раҳбарларга хос бўлган тўрт сифат ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.
Самарали фаолият юритувчи раҳбар бўлиш учун сиз ўзингизга ишонган бўлишингиз, бошқалар билан алоқа ўрнатишингиз, мақсадга эришишга ўзингизни бағишлашингиз ва эмоционал дадилликни намойиш қилишингиз керак бўлади. Аксарият буларнинг фақат биринигина намойиш қилишнинг уддасидан чиқади, камдан-кам ҳолатларда - иккитасини. Бироқ бошқаларга таъсир ўтказиш ва уларни амалий қадамларга чорлаш учун тўртталасини ҳам мукаммал эгаллашингиз зарур.
Ўзингизга бўлган ишонч. Брэд бу борада муаммога дуч келган, бу ажабланарли бўлиши мумкин, зеро у жуда муваффақиятли карьера қурган. Бироқ бу анча кенг тарқалган ҳолат. У шижоат билан ишлаган, лекин унинг меҳнатсеварлиги ўз хусусиятларига бўлган қандайдир ишончсизликдан келиб чиққан. Шу боис Брэд ўзини намоён этиб, атрофдагиларнинг мақтовига сазовор бўлмоқчи бўлган. Салоҳиятли муваффақиятсизлик қаршисида уни ирода тарк этган. Шу билан бирга, у муваффақиятсизликка учраганида ўзини аямаган. Бироқ у ким бўлмоқчилигига доир аниқ тасаввурга эга бўлган ва шу йўналишда меҳнат қилган, ўз энергиясини стратегик ва оқилона тақсимлаб, ортиқча чалғитувчи омилларга эътибор бермаган.
Атрофдагилар билан муносабатлар. Бу Брэднинг энг устувор жиҳати. Барча ходимлар уни яхши кўришган, у доим ўз жамоасидагилар учун қайғурган. Одамлар ҳатто нуқтаи назарлари турлича бўлган масалаларда ҳам унинг ишончини ҳис қилишар эди. Ходимлар унинг одамлар ва вазифаларга нисбатан қизиқувчанлигини юксак қадрлашарди ва тезкор хулосалар қилмагани учун ундан миннатдор бўлишарди. Шунга қарамай, ҳатто бу масалада ҳам унда ўсиш учун салоҳият бор эди: у ўз ходимлари билан ҳар доим ҳам очиқ суҳбатлашмас ва мураккаб суҳбатларни орқага суришга мойил эди.










