2018 йил 13 август куни ҳолатига кўра, кундузги, махсус сиртқи ва кечки таълим шакллари бўйича бакалавриатга кириш тест синовлари республиканинг 60 та олий таълим муассасалари ва уларнинг 19 та филиалларида муваффақиятли якунланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тест синовларини адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида илк маротаба:
- биринчидан, шахсни идентификациялаш қурилмалари ҳамда кузатув камералари ёрдамида катта сиғимли 57 та биноларда 2 сменада ўтказилди;
- иккинчидан, тест синовлари UzdigitalTV ва маҳаллий телеканаллар орқали ҳамда test2018.uz Интернет сайтида онлайн кўринишида тўғридан-тўғри ёритилди;
- учинчидан, абитуриентларнинг ота-оналари учун салқин жойларда жойлар ташкил қилинган ҳолда тест синовлари ўтадиган ҳудудда катта ҳажмли мониторлар ёрдамида тест жараёнлари онлайн кўринишда ёритиб борилди.
Бундан ташқари, Ички ишлар тизимидан 4 963 та шахсий таркиб ходими, 1206 та алоқа воситаси, 694 та металлодетектор, 289 та транспорт воситаси тест синовлари жараёни хавфсиз ўтиши учун жалб қилинди.
Кундузги, махсус сиртқи ҳамда кечки таълим шакли учун олий таълим муассасаларига абитуриентлар томонидан 679 979 та (2017 йилда – 729 947) аризалар тушди, танлов бир ўринга ўртача 8,2 нафарни (11,0) ташкил этди.
Тест синовларида иштирок этувчи абитуриентлар сони 622 030 нафарни ташкил этади. Шу билан бирга, алоҳида иқтидор талаб қилинадиган таълим йўналишларига 55 812 нафар ҳужжат топширган ва имтиёзга эга бўлган абитуриентлар сони - 2 137 нафар.
Тест синовларида қатнашганлар сони 604 677 нафарни ташкил этди. Тест синовларида 17 353 нафар абитуриент қатнашмади, жумладан 14 957 нафари келмади, 1 340 нафари ҳудудга киришда ҳамда 1 056 нафари тест жараёни пайтида қоидабузарлик содир этганлиги сабабли тестдан четлаштирилди (илова).
Маълумот учун: Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасининг олий таълим муассасаларида тест синовларига пухта тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ташкил қилиш мақсадида 2018 йил 14-22 май кунлари ўтказилган профилактик тадбирлар муваффақиятли ўтказилганлиги сабабли ушбу ҳудудларда тест жараёни пайтида четлаштиришлар сони нисбатан кам бўлди.
Тест синовлари материаллари Давлат фельдъегерлик хизмати, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ваколатли органлар томонидан, уларнинг махфийлиги ва дахлсизлиги таъминланиб, ҳар куни белгиланган муддатларда республиканинг барча ҳудудларига етказилди.










