Хорижий диний таълим муассасаларида таълим олиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.

Қарор билан Дин ишлари бўйича қўмита ҳузурида жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий диний таълим муассасаларида таълим олишига кўмаклашиш бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилди.

Фуқароларнинг хорижий диний таълим муассасаларига ҳужжатлар топшириши, таълим олиши ва таълим муассасаларини тугатганидан кейин иш билан таъминлаши юзасидан тавсиялар бериш ва мурожаатларни кўриб чиқиш Маслаҳат кенгашининг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Шунингдек, қарорга мувофиқ тавсия этиладиган хорижий диний таълим муассасаларининг рўйхати ҳар йили 1 январгача Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлаш амалиёти жорий этилди.

Эндиликда хорижий диний таълим муассасаларида таълим олаётган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар базаси шакллантирилади.

Дин ишлари бўйича қўмита эндиликда хорижий диний таълим муассасаларида таълим олаётган фуқаролар билан доимий ҳамкорлик олиб боради ва уларга ҳар томонлама кўмаклашади.