Жаҳон | 00:27 / 16.08.2018
25040
3 дақиқада ўқилади

Хорижлик сайёҳлар ўлдирилгач Тожикистонда SIM-карталар нархи 50 баробар оширилиши мумкин

Тожикистон ҳукумати 20 августдан бошлаб SIM-карталар нархини 250 сомоний (26 АҚШ доллари) гача оширишни режалаштирмоқда. Бу айни пайтдаги нархдан 50 баробар қиммат демакдир.

Мамлакатдаги учта йирик мобил алоқа оператори бу ахборотни «Озодлик» радиосининг тожик хизматига тасдиқлаган. Тожикистон ИИВ мазкур қарорни 29 июль куни Данғарада хорижлик сайёҳларга ҳужум уюштирилгач юқори «хавфсизлик чоралари» деб атаган.

Масала ҳукуматнинг Алоқа хизмати, ҳуқуқ-тартибот органлари ва Тожикистон мобил операторлари вакиллари иштирокида муҳокама этилган. Муҳокамада иштирок этганлардан бирининг сўзлаб беришича, аввалига SIM-карталарни 1000 сомоний (104 АҚШ доллари) дан сотиш таклиф этилган, бироқ муҳокамалардан сўнг унинг нархи 4 баробар камайтирилган.

«Айрим абонентлар рақам алмаштиришни хуш кўришади. SIM-картанинг баланд нархи бунга чек қўяди. Бундан ташқари, тожик алоқа операторларининг SIM-карталари тасодифий инсонларнинг қўлига тушиб қолишининг олди олинади», — дея Asia-Plus ахборот агентлиги номи ошкор этилмаган манбанинг сўзларини келтирмоқда.

Аҳолиси 9 миллиондан ортиқ бўлган Тожикистонда мобил алоқанинг 4,1 миллионта фаол фойдаланувчиси бор. Айни пайтда мамлакатда тўртта мобил алоқа компаниялари: «Бабилон», «ТСелл», «Мегафон» ва «Билайн» фаолият кўрсатмоқда.

29 июль куни Хатлон вилоятининг Данғара туманида бир неча киши миниб олган автомобиль Тожикистон бўйлаб велосипедда саёҳат қилаётган хорижликлар устига ҳайдалган.

Тожикистон ИИВнинг маълумотларига кўра, автомобиль велосипедчилар устига ҳайдалгач, унинг ҳайдовчи ва йўловчилари салондан чиқиб, сайёҳларга ўқ отар қурол ва пичоқ билан ҳужум қилишган. Воқеа натижасида икки нафар америкалик фуқаро, 56 ёшли нидерландиялик ва Швейцария фуқароси вафот этган. Яна бир неча хорижликлар оғир жароҳатлар билан шифохонага етказилган.

Кейинроқ ИИВ беш нафар жиноятчи «йўқ қилингани», ҳужум уюштирганликда гумонланувчи яна бир фуқаро қўлга олинганини эълон қилган. «Улар ушлаш чоғида қуролли қаршилик кўрсатишди», — дейишган идорада. Қуролли ҳужум учун масъулиятни ИШИД террорчилик ташкилоти ўз зиммасига олган.

Мавзуга оид