Европа футболи аста-секинлик билан тезланиш олмоқда. Ўтган ҳафта кучли бешликдан Англия ва Францияда дастлабки тур ўйинлари бўлиб ўтган бўлса, бу ҳафтадан Италия А Серияси ва Испания Ла Лигаси ҳам старт олади ва айтиш мумкинки, бизни биринчи кунларданоқ бир қатор эътиборга молик ўйинлар кутмоқда. Анъанавий равишда, дам олиш кунлари Европа майдонларида бўлиб ўтадиган қизиқарли учрашувлар анонси билан таништирамиз.

ЧЕЛСИ – АРСЕНАЛ (18 август, 21:30)

«Арсенал»нинг тақвимига ҳавас қилиб бўлмайди. Ўтган турда Эмери шогирдлари жуда яхши спорт формасида бўлган «Манчестер Сити»ни қабул қилишди ва мағлубиятга учрашди. Энди эса, «Стэмфорд Бридж»га сафар. «Челси» эса, сафарда тўп сурганига қарамасдан, анча ишончли ўйнади ва йирик ҳисобда ғалаба қозонди.

Ҳар икки жамоа мавсумга бир хил шароитда кириб келишди. Ўтган йилги муваффақиятсиз мавсумдан сўнг, янги мураббий, Европа Лигасига, камтарона трансфер сиёсати. Мутахассислар бу жамоаларга унчалик ишонишмаяпти, сабаби, айтиш мумкинки, Эмери ҳам, Сарри ҳам олдинги мураббийлардан бироз фарқли ўйин фалсафасига эга. Бу эса, дастлабки ойларда бироз ноқулайлик туғдириши мумкин деб ҳисоблашмоқда.

Таркибларга келсак, «Челси» сафида фақат Сеск Фабрегас майдонга тушмаслиги мумкин. Аксинча, жаҳон чемпионати туфайли таътилдан кечроқ қайтган Эден Азар бу сафар ўйинга тайёр бўлади ва асосий таркибда майдонга тушиши кутилмоқда. «Арсенал» сафида эса, узоқ муддатга сафдан чиққан Косьелни ва Колашинацдан ташқари ҳамма тайёр. Ҳатто Начо Монреал ҳам машғулотларга киришди ва у бугун майдонга қайтиши мумкин.

Ўзаро учрашувларга қарасак, сўнгги пайтларда «Арсенал»нинг устунлигига гувоҳ бўламиз. Турли турнирлар ва ўртоқлик ўйинларини ҳам қўшсак, охирги олти ўйинда «Челси» ғалаба қозона олмаяпти. Ўзаро сўнгги учрашув эса, яқиндагина, 2 август куни мавсумолди йиғинлар доирасидаги АҚШ турнирида бўлиб ўтганди. Рюдигернинг ўйин бошларидаги урган голига сўнгги дақиқада Ляказетт жавоб берган ва ўйин 1:1 ҳисобида якунига етган.  

КЬЕВО – ЮВЕНТУС (18 август, 21:00)

Одатий кунда бу учрашувга эътибор қаратиш шарт бўлмасди, балки. Аммо Криштиану Роналду оддий футболчи эмас, унинг А Сериядаги дебют ўйини барчанинг эътиборида бўлиши табиий. Бу томондан «Кьево» мухлисларига ҳавас қилса арзийди. Шундоғам «Кьево» «Ювентус» учун қулай рақиб, охирги 12 ўйиннинг 11тасида туринликлар жамоаси ғалаба қозонишган, бир ўйин дуранг билан тугаган. Аммо шу баҳона Роналдунинг «Ювентус» сафидаги илк расмий ўйинини жонли томоша қилиш ҳаммага ҳам эмас, тўғрими?