Ўзбекистон | 17:20 / 25.08.2018
9239
3 дақиқада ўқилади

1 октябрдан Тошкент вилоятида қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича янги тарифлар белгиланиши мумкин

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Тошкент вилояти ҳокимлигининг “Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун янги тарифларни белгилаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатда айтилишича, Тошкент вилоят “Тоза ҳудуд” Давлат унитар корхонаси томонидан қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ҳамда олиб чиқиб кетиш хизматлари учун амалдаги тарифларни қайта кўриб чиққан ҳолда янги тарифларни белгилаш бўйича вилоят ҳокимлигига мурожаат хати тақдим этилган.

2018 йил 1 октябрдан Тошкент вилоятида “Тоза ҳудуд” Давлат унитар корхонаси томонидан хизмат кўрсатадиган ҳудудларда қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ҳамда олиб чиқиб кетиш хизматлари бўйича қуйидаги ягона янги тарифлар белгиланиши мумкин:

Аҳолига бир киши учун бир ойга - 2500 сўм;
Юридик ташкилотларга 1 м3 учун – 41100 сўм, (ҚҚС билан 49320 сўм),
Суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш аҳоли учун 1 тн учун 50000 сўм, юридик ташкилотлари учун 65000 сўм этиб белгиланади.

Тошкент вилоятидаги туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда вилоят “Тоза ҳудуд” Давлат унитар корхонаси ўрнатилган тартибда жорий йилнинг 20 сентябрига қадар қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ҳамда олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тасдиқланган ягона янги тарифлар бўйича истеъмолчиларни хабардор қиладилар.

Кўчмас мулкдан фойдаланилганда қаттиқ маиший чиқиндилар пайдо бўлишига олиб келувчи ва ушбу кўчмас мулк ихтисослаштирилган санитария-тозалаш ташкилотларининг хизмат кўрсатиш доирасида жойлашган бўлса, ушбу мулк эгаси (юридик ва жисмоний шахслар) улар билан қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатилиши юзасидан шартнома тузилиши шарт.

“Тоза ҳудуд” Давлат унитар корхонаси (Р.Батиркулов) Тошкент вилояти “Маҳалла” хайрия жамғармаси (Х.Хамидов) билан ҳамкорликда жойларда янги тарифлар, чиқиндиларни ташлаш тартиби, сунъий чиқиндихоналарни юзага келиш ҳолатларини олдини олиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш юзасидан семинарлар ўтказиш графикларини тузиб, вилоят ҳокимлигига ахборот бериб бориши белгиланади.

Мавзуга оид