Индонезияда XVIII Осиё ўйинлари давом этмоқда.
Бугун футбол турнири доирасида чорак финал баҳслари ўтказилади. Бу босқичда Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси жанубий кореялик рақибларга қарши майдонга тушади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 14:00да бошланади.
Чорак финал доирасида қуйидаги ўйинлар бўлиб ўтади:
14:00 – Ўзбекистон – Жанубий Корея
14:00 – Саудия Арабистони – Япония
17:30 – Сурия – Вьетнам
17:30 – БАА – КХДР

Ўзбекистон – Жанубий Корея
Ўзбекистон олимпиячилари турнирда 4 ўйинда битта ҳам гол ўтказмаган икки жамоадан бири бўлиб турибди (13:0). Ўзбекистонликлар гуруҳ босқичида B гуруҳида 100 фоизлик натижа қайд этишди, аввалига Бангладеш 3:0 ҳисобида мағлуб этилди, Қатар дарвозасига 6та жавобсиз гол йўлланди, Таиланд билан ўйинда эса минимал устунлик сақлаб қолинди - 1:0. Ўзбекистон гуруҳ босқичида 9 очко билан биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўриндаги Бангладеш 4 очко билан иккинчи бўлди.
Нимчорак финалда эса Равшан Ҳайдаров қўли остидаги жамоа Ҳонгконгга 3та гол уриб, дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолди.

4 ўйинда 4 гол урган Забиҳулло Ўринбоев жамоанинг асосий тўпурари бўлиб турибди. Шунингдек, Икром Алибоев ҳисобида 3та, Достонбек Ҳамдамов ва Жавоҳир Сиддиқов ҳисобида 2тадан гол бор.
Жанубий Корея турнирнинг асосий фаворитларидан. E гуруҳида иштирок этган жануб корейслари дастлаб Баҳрайнни тиз чўктиришди - 6:0. Иккинчи турда эса кутилмаганда Малайзияга 1:2 ҳисобида мағлуб бўлинди. Қирғизистонга қарши учинчи тур ўйинида кичик ҳисобдаги ғалаба қайд этилди ва жамоа Малайзиядан кейин иккинчи ўрин билан гуруҳдан чиқди. Ўз-ўзидан кейинги босқичда кучли рақиб тушди. Эронга қарши қийин ўйинда Жанубий Кореянинг қўли баланд келди - 2:0.

Жанубий Корея ҳам турнирга кучли таркиб билан келган. 23 ёшгача бўлган футболчилардан ташқари таркибга жалб этилган 3 нафар ёши катта футболчилар қаторида «Тоттенҳэм» ҳужумчиси Сон Хён Мин ҳам бор. У терма жамоа билан Осиё ўйинларида ғолиб бўлиш орқали 2 йиллик армия хизматидан халос бўлишни истайди. Агар у мақсадига эриша олмаса, қолганлар қатори армияда хизмат қилиши лозим, бу ҳолда унинг Лондон клубидаги келажаги хавф остида қолади.
















