Сизда мисли кўрилмаган даромад келтириши мумкин бўлган ғоя пайдо бўлди ва сиз шахсий бизнесингизни очишга қарор қилдингиз. Тез орада бадавлат ва муваффақиятли бўлишга умид қиляпсиз. Бироқ ғоя қандай зўр бўлмасин, лойиҳага пул тикилмаса, бари бекор. Шу ўринда пулларни қаердан олиш мумкинлигига доир савол пайдо бўлади. 

Албатта, бундай ҳолатларда инсон ўзининг бутун мол-мулкни сотиши, дўстлари ё қариндошларидан қарз олиши ёхуд кредит олиш учун мурожаат қилиши мумкин. Шу билан бирга, бироз фикр юритиб, камхарж йўлни танлаш имкони ҳам бор, бу - инвесторларни жалб қилиш. Бугунга келиб муваффақиятли фаолият юритаётган йирик компанияларнинг аксарияти айнан шундай йўл тутган. Таъкидлаш жоизки, инвестициялар нафақат лойиҳани бошлаб олишга, балки уни келгусида ривожлантириш учун ҳам керак бўлади. Ҳар куни дунёда қандайдир янги ғоялар пайдо бўлади ва ҳеч бир лойиҳа молиявий қўллаб-қувватлашсиз бозорда узоқ қола олмайди.

Керакли кишилар билан таниш бўлсангиз, инвесторларни топиш қийинчилик туғдирмайди. Бироқ бундай танишларингиз бўлмаса-чи? Инвесторларни қаердан топиш ва уларни қандай қилиб айнан сизнинг лойиҳангизга пул киритиши даромад келтиришига ишонтириш мумкин? Бунинг учун, биринчидан, мамлакатда бизнесга сармоя киритишга доир барча имкониятлардан хабардор бўлиш, иккинчидан эса, ҳар бир қадамни яхшилаб ўйлаб режалаштириш керак.

Бизнесга инвестицияларни қаердан топиш мумкин?

Бизнес-лойиҳаларни молиялаштириш манбалари етарлича. Керакли маблағни жалб қилишда муваффақиятга эришиш учун барчаси ҳақида билиш керак.

Биринчидан, бу - инвестицион фондлар. Бу - даромад олиш мақсадида маълум бир лойиҳаларга пул киритишга тайёр жисмоний ёки юридик шахслар гуруҳи. Бундай фондларнинг маълум бир турлари бизнеснинг аниқ йўналишлари учун жавоб беради. Улар қизиқ, даромад келтирувчи лойиҳаларга фаол пул киритишади, бироқ бу лойиҳалар синалган соҳаларга тегишли бўлиши керак. Улар инновацион ғоялар, мутлақо янги ва оригинал лойиҳаларга ҳомийлик қилишмайди. Бироқ ўз ғоянгиз муваффақиятига ишончингиз комил бўлса ва у фондлар фаолият соҳаларидан бирига тўғри келса, дадил мурожаат қилишингиз мумкин.

Иккинчидан, венчур ташкилотлар - капитали хусусий шахслар маблағларидан иборат компаниялар бор. Бу ташкилотлар оригинал, илмий лойиҳаларга кўп пул киритади, бироқ бу ерда муайян жиҳатлар мавжуд. Бундай компанияга пул киритишни таклиф қилиб, сиз аслида уларга ўз бизнесингизнинг бир қисмини сотасиз. Улушни кейинчалик сотиб олиш мумкин, лекин у инвестор тасарруфида бўлганида сармоячи ишларни юритишга аралашиш ҳуқуқига эга бўлади.