«Восток-2018» ҳарбий машқларига 300 минг ҳарбий жалб қилинади, бу 37 йил ичидаги энг катта машқларга айланади. Бу ҳақда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу маълум қилди, дея хабар беради РИА «Новости».

Вазирнинг аниқлик киритишича, Россияда 1981 йилдан буён бундай катта миқёсдаги машғулотлар ўтказилмаган.

«Улар «Запад-81»ни нимададир такрорлайди, бироқ, катта эҳтимол билан, ундан ҳам кўлами катта бўлади. 1 мингдан ошиқ учар қурилмалар, деярли 300 минг ҳарбий хизматчи, Марказий ва Шарқий ҳарбий округдаги қарийб барча полигонлар, табиийки, Тинч океани флоти, Шимолий флот, ҳаво-десант қўшинлари тўлиқ жалб қилинади», - дея таъкидлаб ўтди Шойгу.

Машқларда техникалардан танклар, БТР, БМП, шунингдек, самолётлар, вертолётлар ва дронлар иштирок этади.

«Восток-2018» машқлари 11-15 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия мудофаа вазири НАТО ҳақида ёлғон маълумот тарқатишда айбланганди.