Денис Истомин Осиё ўйинлари финалидан сўнг, 16 минг километр масофани босиб ўтиб, US Open баҳсида иштирок этди
Ўзбекистонлик теннисчи Денис Истомин АҚШ очиқ чемпионати (US Open) биринчи даврасида Стив Жонсонга 3:6, 6:7, 3:6 ҳисобида ютқазди. Ҳамюртимиз учун Нью-Йоркдаги ўйин омадли келмади, бироқ у ергача босиб ўтилган йўл афсонавий бўлди.
Sports.ru журналисти Павел Ниткин бу ҳақда ўз мақоласини тақдим қилди.
25 август куни Истомин Осиё ўйинлари финалида хитойлик 18 ёшли теннисчи, US Open ўсмирлар чемпионатининг амалдаги ғолиби Ибин У билан беллашиб, 2:6, 6:2, 7:6 ҳисобида ғалаба қозонди. Баҳс Индонезиянинг Палембанг шаҳрида ўтказилди.
Уч сет давом этган ва ёмғир туфайли, бироз тўхтатиб турилган финал баҳси, тақдирлаш маросими ва матбуот анжуманидан сўнг, Истомин Нью-Йорк шаҳрига учиб кетди. Шаҳарлар ўртасидаги масофа 15 807 километр бўлиб, уни босиб ўтиш учун камида 25 соат вақт сарфланади ва 2та рейс керак бўлади.
Истомин Жакарта ва Истанбул орқали учиб кетди ва йўлга 27 соатдан ортиқ вақт сарфлади.
Қайд қилиш жоизки, Жонсон ҳам шанба куни бошқа шаҳардаги баҳсда иштирок этганди. Аммо унинг рақамлари камтарона: Уинстон-Сейлем ва Нью-Йорк орасидаги масофа тахминан 900 километрни ташкил қилади. Унга тўғридан-тўғри авиарейс мавжуд ва тахминан 2 соат вақт сарфланади.
Ўз навбатида Индонезия ва Нью-Йорк ўртасидаги вақт тафовути 11 соат эканини ҳам инобатга олиш лозим. Демак, Денисдаги узоқ йўлдан толиқиш аломатларига оғир акклиматизацияни ҳам қўшиш даркор.
Хўш, Истомин нега ўзини бунчалик қийнади? Биринчидан, у Ўзбекистон шарафини халқаро турнирларда ҳимоя қилиш имкониятини ҳеч қачон бой бермасликка ҳаракат қилишини айтди. Иккинчидан, Осиё ўйинларидаги ғалаба орқали 31 ёшли Денис Токио-2020 Олимпиадаси йўлланмасига эга бўлди.
66,5 соат ичида Денис Истомин Осиё ўйинлари финалида ғалаба қозонди, 16 минг километр масофани босиб ўтди ва US Open баҳсида иштирок этди. Қаҳрамон!
Мавзуга оид
20:09 / 05.02.2024
Денис Истомин фаолиятини якунлади
20:29 / 07.10.2023
Осиё ўйинлари кундалиги. Яна икки олтин ва янгиланган рекорд
18:46 / 06.10.2023
Осиё ўйинлари кундалиги. Хафа қилинган Анвар, йиғлаган Акбар ва ягона олтин
19:52 / 05.10.2023