«Менинг юртим» телеканали «Kun.uz» сайтида эълон қилинган танқидий мақолага муносабат билдирди.
Шубҳасиз, аёл образи дунё адабиётида муҳим ўрин тутади. Кино санъатини эса аёл образисиз тасаввур қилиш қийин. Шундай экан муаллиф Хуршид Далиевнинг «Миллий сериал бренди билан «миллий хиёнат» тарғиботига «старт» берилдими?» сарлавҳасига биз йўқ деб жавоб берамиз. Асло миллий сериал бренди асосида ҳеч қандай хиёнат тарғиб қилинмаяпти.

Кино санъатида хиёнат мавзуси бугун пайдо бўлгани йўқ. Ҳаётни акс эттиришни мақсад қилган ҳар бир ижодкор ўз асарида ҳаётда учрайдиган муҳаббат, хиёнат, садоқат, вафо мавзуларида ижод қилади. Бугунги кунда барча телеканаллар турк сериалларни намойиш этиб, бизнинг менталитетга зид маданиятни томошабин онгига сингдиряпти. Бу сериалларда эрини сенлайдиган, ота-онасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатмайдиган қаҳрамонлар тўлиб тошиб ётибди. “Менинг юртим” телеканали бу каналлардан фарқли ўлароқ бугунги кунимиз ҳаёти ва муаммолари акс этган сериалга мурожаат қилди. Унда эса айнан ўзбек жамиятидаги оилалар ва уларнинг ҳаётига кўзгу тутилган холос. Зеро, донишманд халқимизда одобни одобсиздан ўрган, деган ҳикмат ҳам бор бу ерда. Ахир ҳаёт текис бир йўл, бир қолипда кечадиган жараён эмаски, уни бўяб, хаспўшлаб, зиддиятларсиз қилиб акс эттирсак.

Ўз номи билан “Фитна” сериалида айнан муаллиф қайта-қайта таъкидлаб ўтган аёл хиёнати фош этилган. Ўқитувчи бўладими, сотувчими ёки сартарош, оиласига, турмуш ўртоғига, фарзандларига хиёнат қилган аёл охир-оқибатда хор бўлади. Хиёнат ўз номи билан хиёнат. Касби ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, салбий қаҳрамон хиёнат қилар экан бадиий асар ёки кинода очиқ тасвирланади. “Фитна” сериалида беҳаё саҳналар, беадаб гаплар йўқ. Устига устак кундалик ҳаётимизда рўй бераётган воқеалар ҳам киритиб бориляпти. Бугун ошкоралик замони, муаммоларни очиқ-ойдин кўрсатмасак ким кўрсатади? Бизга фақат дўппи кийган ўзбек қизининг намунали ҳаёти кўрсатилган силлиқ сериаллар керакми фақат? Бу сериал ўзига хос динамикаси билан бошқа сериаллардан ажралиб узундан узоқ воқеалар чайналмайди. Сериал ижодкорларининг мақсади муаллиф назарда тутгандек ўзбек аёлини таҳқирлаш эмас, балки жамиятда учрайдиган ёвуз иллатларни акс эттириш орқали томошабинни мушоҳада қилишга ундашдан иборат.
















