Жаҳон | 13:24 / 06.08.2022
7156
3 дақиқада ўқилади

АҚШда фитна назарияси тарафдори 50 млн доллар жаримага тортилди

Фото: Reuters

Мактабдаги оммавий қотиллик билан боғлиқ ёлғон гаплар Алекс Жонсга қимматга тушди. Америкалик журналист ва Трампнинг тарафдори 50 миллион долларга яқин товон пули тўлашга мажбур бўлади.

Ўнг радикал кайфиятдаги америкалик журналист, Infowars медиакомпанияси эгаси ва турли фитна назариялари тарафдори Алекс Жонс 2012 йил 14 декабрда Коннектикут штати Ньютаун шаҳридаги Сэнди-Хук мактабида юз берган отишма ҳақида ёлғон маълумот тарқатгани учун яна 45,2 млн доллар товон пули тўлашга ҳукм қилинди. Ҳукм 5 август, жума куни Техаснинг Остин шаҳрида ҳакамлар ҳайъати томонидан чиқарилди. Бир кун олдин Жонс аллақачон 4 млн доллардан ортиқ товон пули тўлашга ҳукм қилинган эди. Натижада, жарима миқдори қарийб 50 млн долларни ташкил этди.

Ньютаундаги Сэнди-Хук мактабидаги оммавий қирғин пайтида жиноятчи ўз жонига қасд қилишдан олдин 20 нафар бола ва олти нафар ёши катта кишини отиб ташлаган. Шу билан бирга, Жонс бир неча бор ҳеч қандай ҳужум бўлмаганини даъво қилди. Унинг сўзларига кўра, воқеа АҚШнинг қурол қонунчилигини кучайтириш мақсадида ёлланган актёрлар томонидан саҳналаштирилган. Натижада, бир неча ота-оналар Жонсни судга беришди. 

Ўта нуфузли ўнг радикал кайфиятдаги доиралар вакили ва АҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг тарафдори Алекс Жонс фитна назарияларини тарқатиб, катта пул ишлаб топган. Хусусан, у 2001 йил 11 сентябрда Нью-Йоркдаги терактларда АҚШ ҳукумати иштирок этганини даъво қилган. 

Жонс, шунингдек, Трампнинг президентлик сайловидаги мағлубияти катта фирибгарлик натижаси бўлган деган ёлғон даъвосини қўллаб-қувватлади. 2021 йил 6 январда Трампнинг радикал тарафдорлари Капитолийга бостириб кирганида журналист ҳам Вашингтонда бўлган. Ушбу иш доирасида у Капитолийга бостириб киришни тергов қилувчи парламент комиссияси томонидан ёпиқ эшиклар ортида сўроқ қилинди. 

Апрель ойида Жонс ўзининг Infowars медиакомпаниясини банкрот деб эълон қилди. Ўтган ҳафта эса у ўзига тегишли бўлган яна бир компания - Free Speech Systems банкротлигини эълон қилди. 

Мавзуга оид