Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида бўлиб ўтаётган XVIII ёзги Осиё ўйинларининг 30 август кунидан ўрин олган мусобақаларида ўзбекистонлик 27 нафар спортчи яккалик ва жамоа ҳолда 6 спорт тури бўйича баҳс олиб боришди.
Мусобақаларнинг ўн иккинчи кунида ўзбекистонлик спортчилар жами 8та (3та олтин, 2та кумуш ва 3та бронза) медал олишди.
Байдарка ва каноэда эшкак эшиш
Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича мусобақаларида ўзбекистонлик спортчилар жами 4та медални қўлга киритишди.
Каноэда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Дилноза Раҳматова ва Нилуфар Зокирова жуфтлиги аёллар ўртасида 500 метр масофага ўтказилган баҳсларда маррага иккинчи бўлиб етиб келишди ва кумуш медаллар билан тақдирланишди.

Каноэда 1000 метр масофага эшкак эшишда ўзбекистонлик тажрибали спортчи, Осий ўйинларининг 3 карра ғолиби Вадим Меньков тенгсиз бўлиб, тўртинчи чемпионликни тантана қилди.

500 метр масофага тўрт кишилик экипажда ўтказилган баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари (А.Тропин, В.Ибрагимов, Ж.Нурматов, А.Мочалов) маррага бешинчи бўлиб етиб боришди.
1000 метр масофага жуфтлик баҳсларида стартга чиққан Шаҳриёр Маҳкамов ва Шоҳруҳбек Аъзамов маррага учинчи бўлиб етиб келди ва бронза медалига сазовор бўлишди.

1000 метр масофага каноэда эшкак эшган Нурислом Тўхтасин ўғли ва Серик Мирбеков жуфтлиги ҳам Ўзбекистон ҳисобига навбатдаги бронза медални қўшиб қўйишди.




















