Сизга керак бўлган нарса бу – яхши режа ва ботирлик. Бошлашдан аввал нима ҳақида билиш керак?

1. Шундай нарсалар бўладики, уларга эришиш имконсиз. Рок-юлдузга айланиш, таниқли футболчига турмушга чиқиш, тунда айнан ўша музқаймоқни ейиш учун бутун шаҳарни кезиб чиқиш - буларнинг барини ҳақиқий ҳаётда бошдан кечиришдан кўра тасаввур этиш анча ёқимли.
2. Баъзида эса истаклар аслида сизники бўлмайди. Масалан, отангиз сиз билан фахрланиши учун муваффақиятли адвокат бўлишни истайсиз.
3. Мақсадга эришиш сиз кутган қониқишни таъминламайди. У амалга ошгач, сиз орзу қилган даражадаги хурсандчиликни ҳис этмайсиз. Бахт миқдори ва давомийлиги бўйича тасаввурларни бўрттиришга мойилмиз.
Ўз мақсадингиз сари курашга киришишдан аввал бу ҳақида ўйланг. Акс ҳолда бир неча йил ёки ҳаётнинг ярмини бесамар ўтказишингиз мумкин.
Мақсадларга қандай эришиш мумкин?

Аслида нимани исташингизни аниқланг
Баъзида аслида нима исташимизни билмаймиз. Хоҳишларимизнинг кўпчилиги норозилик сабаб туғилади ва қуйидагича бўлади: «Нима исташимни билмайман, бироқ аниқ буни эмас».
Сиз ҳақиқатан ҳам ўзингиз учун ишлашни хоҳлайсизми ёки бор-йўғи ишингиздан чарчадингизми?
Нима исташингизни аниқ билинг. Хоҳлаган нарсангизга эришган ҳолатингизни батафсил тасаввур этинг. Нафақат ижобий, балки салбий жиҳатларини баҳоланг. Улар доим мавжуд. Бунда нимани ҳис қиляпсиз?
Бир-бирига зид истакларни чиқариб ташланг
«Чиройли формада бўлишни истайман. Спорт билан шуғулланишни ёқтирмайман».
Барча тескари истаклар қулайлик зонасидан чиқишни истамасликка боғлиқ: машқлар, янги иш ёки хобби.
Мақсадга эришиш учун нима қилиш кераклигини ўйлаб кўринг. Буни бажармаслик мавжуд эмаслигини ҳам текширинг.

















