Бугун, 1 сентябрь куни Осиё ўйинларида бокс бўйича мусобақалар финали ўтказилади.

Бокс бўйича баҳслар 7та вазн тоифасида ташкил этилган ва Ўзбекистоннинг турнирга ташриф буюрган 7 нафар вакили ҳам финалга чиққан. Финалда Қозоғистон ва Мўғулистондан 2, Ҳиндистон, Филиппин ва КХДРдан бир нафардан вакил бўлади.

-49 кг вазн тоифаси

Бугунги жангларни Рио Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов бошлаб беради. У эски таниши, ҳиндистонлик Амитга қарши рингга чиқади. Ҳасанбой бу 22 ёшли боксчи билан бир неча бор тўқнаш келган, 2017 йили Ҳамбургда ўтказилган жаҳон чемпионатида чорак финалдаги ўзаро жангдан кейин ҳам уни ўзи учун «ноқулай рақиб» сифатида атаганди. Бу икки боксчи 2017 йили Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионатида ҳам ўзаро жанг қилган ва ўзбекистонлик спортчи қийинчилик билан ғалаба қозонганди.

Амит 2017 йилги Тошкентдаги чемпионатда бронза медал олган бўлса, 2017 йилги жаҳон чемпионатида бешинчи ўрин билан кифояланган. Шу билан биргаликда у ўз фаолиятида давомида бир қанча натижаларга эришган. Хусусан, 2017 йили Чехиядаги халқаро турнирда ва 2018 йили Болгариядаги хотира турнирида ғолиб бўлган. 2018 йил Австрияда ўтказилган Ҳамдўстлик ўйинларида кумуш медал билан тақдирланган.

Ҳасанбой Дўсматов финалга қадар лаослик Кампуван Хамсатхонени (5:0), қирғизистонлик Мирлан Туркбай улуни (5:0) ва хитойлик Ву Жонглинни (5:0) енгди.

Амит эса илк жангда мўғулистонлик Харку Энкмандахни таслим этган (5:0), чорак финалда шимолий кореялик Ким Жанг Рёнг тўсиғидан ўтган (5:0), ярим финалда филиппинлик кучли боксчи Карло Паламни мағлуб этган (3:2).

-52 кг вазн тоифаси

Жасурбек Латиповнинг финалдаги рақиби филиппинлик Ладон Роген. Айни вақтда 24 ёшда бўлган Роген фаолиятини 2009 йилда -49 кг вазн тоифасида бошлаган. У 2015 йили Осиё бокс конфедерацияси томонидан йил кашфиёти деб топилган. У 2016 йилги Рио Олимпиадаси иштирокчиси ҳисобланади. Ладон Роген 2013 йили Оманда ўтказилган Осиё чемпионатида бешинчи, 2015 йили Доҳада ўтказилган жаҳон чемпионатида учинчи ўринни олган, 2015 йили Бангкокда ўтказилган Осиё чемпионатида кумуш медал, 2017 йили Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионатида  бронза медал билан тақдирланган. Роген 2018 йилдан -52 кг вазн тоифасидаги баҳсларда иштирок эта бошлади.