Спорт | 00:37 / 02.09.2018
23308
2 дақиқада ўқилади

Жакарта спорт шаҳарчасидаги «ҳурмат тахтаси»: спортчиларимиз сурати деворни тўлдирди

Индонезияда бўлиб ўтган ёзги Осиё ўйинларида ўзбекистонлик атлетлар яшаган спорт шаҳарчасидаги меҳмонхонада ҳам ўзига хос кимўзарга беллашув бўлиб ўтди.

МОҚ ходими Камолиддин Эргашевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, олтин, кумуш ва бронза медал олган спортчиларимизни спортчилар истиқомат қиладиган меҳмонхонадаги «ҳурмат тахтаси»га илиш Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган Ислом бирдамлик ўйинлари чоғида илк бор жорий этилган. (Эслатиб ўтамиз, Озарбойжондаги турнирда Ўзбекистонлик спортчилар 15та олтин, 17та кумуш ва 31та бронза — жами 63 медал билан 54 та мусулмон давлатлар орасида 4-ўринни эгаллаган эди).

Бу гўзал анъана Жакартада ҳам давом эттирилган. Бизнинг ташкилотчилардан ўрнак олиб, шу меҳмонхонада яшовчи Филиппин, Қирғизистон, Малайзия каби давлатлардан келган делегациялар ҳам совриндор спортчиларнинг суратларини ила бошлашган.

Албатта, бу борадаги кичик «мусобақа»да ҳам ўзбекистонлик спортчилар ғолиб чиқишди — совриндор спортчиларимизнинг суратларини илиш учун девор юзаси торлик қилиб қолди.

Эслатиб ўтамиз, якунига етган XVIII Осиё ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар 21та олтин, 24та кумуш, 25та бронза — жами 70 та медал билан мазкур қитъа турнири тарихидаги энг яхши натижасини қайд этишди.

Мавзуга оид