KUN.UZ таҳририятига келиб тушган мурожаатни ўрганиб чиққанимизга бир неча кун бўлди. Аввалига мазкур мақолани байрам кунлари омма эътиборига ҳавола этишга истиҳола қилгандик. Бироқ Андижон вилояти, Андижон туманидаги “Нўҳатак”, “Қашқар” ва “Оби-ҳаёт” маҳаллаларидаги ачинарли экологик ҳолатнинг кундан кунга ёмонлашаётгани долзарб масалага ечимни тезроқ топишга ундади.

Рўй берган ҳолатдан энг кўп азият чекаётган “Нўҳатак” маҳалласига борганимизда бизнинг келганимизни эшитиб, маҳалла аҳли “кўчиб чиқди”.

Ана энди муаммога батафсил тўхталамиз. Бундан беш ой олдин 2018 йилнинг март-апрель ойиларида “Нўҳатак” маҳалласининг қоқ ўртасида жойлашган собиқ ХАТП юк машиналари гаражи ҳудудидаги майдонда хорижий сармоя иштирокида "METKO-PROFI" масъулияти чекланган жамияти иш бошлайди. Аҳоли хонадонлари зич жойлашган ҳудудда иш бошлаган корхонада темир қайта ишланиб, металлардан барча турдаги арматуралар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Корхона ишлаб чиқариш майдонига катта юк кўтарувчи қудратли (40 тонналик) кран ўрнатилди, газ тармоғига уланди. Атрофдаги ишсиз юрган 40-50 нафар киши иш жойига эга бўлди.

Хитойлик тадбиркор Динг Сухуа хоним мазкур лойиҳа учун 2 миллион 452 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя киритган.

Қандай яхши, тўғрими? Янги технологиялар асосида иқтисодиётни ривожлантириш, хориж сармоясини киритиш, аҳоли бандлигини таъминлаш... Четдан туриб қараганда шундай туюлади.

Бироқ корхона ишга тушган кундан бошлаб атрофдаги аҳоли жуда оғир аҳволда қолди. Тинчлиги, хотиржамлиги, ҳавоси аянчли тарзда бузилди. Ҳар куни сутка давомида бетўхтов ишлаб атрофга салбий таъсир кўрсатаётган “заводча” турли зарарли омилларга тўла экан!

Қуюқ тутун. Иккиламчи металл қайта ишлаш учун эритилаётганда чиқаётган газ ва тутунлар. ёқимсиз кучли кимёвий ҳидлар аҳоли хонадонлари ичига кириб борди. Ўсимликлар, дарахтларда ҳам салбий ўзгаришлар рўй берган.