«Инсонларнинг дарду ташвишлари билан яшаш инсонийликнинг энг олий мезонидир». Бу жумлага баъзи халқ қабулхоналарига кираверишда кўзингиз тушади. Президент Шавкат Мирзиёев халқни рози қилиш, уларнинг муаммоларига ечим топишни бугунги сиёсатнинг асоси деб билмоқда. Ҳозирги кунда мазкур сиёсат жамиятнинг ҳар бир соҳасида жадаллик билан амалга оширилмоқда. Ижтимоий, иқтисодий, маданий-маърифий, диний ва бошқа соҳаларда ҳам ижобий томонга ўзгаришлар кузатилмоқда. Шундай бўлсада, баъзи ташкилотлар томонидан муаммони тўлиқ ўрганмаслик, халқ фикрига қизиқмаслик ва қонунни мазмунан англамаслик ҳолатлари учраб турибди.

Яқинда Наманган шаҳрида яшовчи бир гуруҳ фуқаролардан KUN.UZ таҳририятига мурожаат келиб тушди. Мактуб муаллифларининг кўпчилик қисмини кекса ёшдаги, ҳаётий тажрибага бой фуқаролар ташкил этади. Уни ўрганиш мақсадида водийга, Наманган вилоятига йўл олдик. Мурожаат бир вақтлари жоме масжиди сифатида фойдаланилган ва 1998 йил номаълум сабабларга кўра ёпилган масжид хусусида эди.

Аввалига масжид тўғрисида нафақадаги тарихчи отахон Адҳам Нуриддинов сўзлаб берди. Бир вақтлар Ахсикент шаҳри (ҳозирги Наманган шаҳри атрофлари) XVIII аср бошларида Шайбонийлар сулоласига қарашли ҳудуд бўлган. Шайбонийлардан ҳудудни асли мирлар уруғидан бўлган Мирзо Донобой сотиб олган. У ўз маблағи ҳисобидан мадраса, масжид, тегирмон ва шунга ўхшаш халқ учун зарур бўлган бино-иншоотлар қурдирган. Кейинчалик «дин афюндир (заҳар)» шиори остида мавжуд масжидлар ёпилиши бошланган, қабрлар текисланган. 1938 йилга келиб бу ҳудудга пахта экиш бошланган. Шу йиллар ичида қаровсиз қолган масжид хароба ҳолга келиб қолган. 1942 йилдан масжид фаолиятига рухсат берилади. 

1953 йилгача, Сталин ўлимига қадар, масжид ўз фаолиятини юритган. Кейинчалик Хрушчев ҳукмронлиги даврида масжидлар фаолияти яна чекланган. Вақт ўтиши билан Ўзбекистон мустақилликка эришгач бу тарихий масжид фаолияти қайта тикланган. 1992 йил 25 март куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 23-сон билан рўйхатдан ўтказилган. Ушбу мажмуа жоме масжиди мақомида ўз фаолиятини қонуний асосларда 1998 йилгача юритган. 

Бироқ масжид фаолияти 1998 йилга келиб номаълум сабабларга кўра тақиқлаб қўйилган. Шундай бўлсада, масжид ўша даврда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.06.1998 йилдаги 263-сонли қарори асосида тегишли тартибда ёпилмаган. Жумладан, ташкилот раҳбар органи қарори қабул қилинмаган, ҳисоб рақамлари ёпилмаган, матбуотда ташкилот тугатилаётгани ҳақида эълон берилмаган, муҳр ва штамплар йўқ қилинмаган.