Ўзбекистон | 11:25 / 04.09.2018
6357
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга ЖССТ, ГАВИ, ЮНИСЕФ экспертлари келмоқда

Фото: Wikipedia

Ўзбекистонда эмлаш тадбирларининг юқори даражада тизимли ташкил этилганлиги, келгусида тадбирларни такомиллаштириш ва мазкур тажрибани халқаро даражада кенг татбиқ этиш мақсадида, жорий йилнинг 5-15 сентябрь кунлари республикага ЖССТ, ГАВИ, ЮНИСЕФ ташкилотларидан экспертлар ташриф буюради. Бу ҳақда Республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази матбуот хизмати хабар берди.
 
Экспертлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг вакиллари иштирокида маъмурий ҳудудларда бўлиб, даволаш-профилактика муассасаларида иммунизация тадбирлари ўтказилиш жараёнларини ўрганадилар.

Санитария-эпидемиология масаласида аҳолининг хотиржамлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида, мамлакат аҳолиси ўртасида юқумли касалликлар бўйича эпидемик вазиятнинг барқарорлиги таъминланиб келинмоқда. Жумладан, карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар, бундан ташқари полиомиелит, дифтерия, қоқшол касалликлари қатор йиллар мобайнида қайд этилмади. 

2015 йилдан миллий эмлаш календари асосида 12 та юқумли касалликларга қарши эмлаш ишлари олиб борилмоқда. Вакциналар давлат бюджети ҳисобидан ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти орқали таъминланмоқда.

Ўтган 1995 йилдан бошлаб “кенгайтирилган эмлаш” миллий дастури қабул қилинган бўлиб, 3 ёшдан 60 ёшгача бўлган аҳоли ўртасида  дифтерияга қарши, 5 ёшгача бўлган  болалар ўртасида  полиомиелитга оммавий эмлаш тадбири ўтказилди ва шу йилнинг  ўзидаёқ республикада полиомиелит  касаллиги бутунлай тугатилди  ва мамлакатимизга Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг “Ўзбекистон полиомиелит касаллигидан озод”лиги тўғрисидаги  сертификати  берилди. 

Қолаверса, МДҲ давлатлари ўртасида биринчи бўлиб мамлакатда давлат бюджети ҳисобидан вакциналарни сотиб олиш ва уларнинг сақланишида асосий шартлардан бири бўлган “совуқлик занжири” тизими такомиллаштирилди ва болаларни   тўлиқ  бепул эмлаш  ишлари йўлга қўйилди.

Аҳолини эмлаш қамрови 98% юқори кўрсаткичда бажарилиши натижасида 1995 йилдан бошлаб полимиелит, 2002 йилдан дифтерия, чақалоқлар қоқшоли, 2011 йилдан қизамиқ ва қизилча рўйхатга олинмаяпти.

Республикада шол касаллиги бўйича мавжуд барқарор эпидемик вазиятни сақлаб туриш, бу касалликка мойил бўлган аҳоли гуруҳларида иммунитет таранглигини талаб даражасида бўлишини таъминлаш ва касалликка мойил бўлган аҳолини эмлаш билан тўлиқ қамраб олиш мақсадида, жорий йилнинг май ойидан бошлаб, миллий эмлаш календарига инактивланган полиомиелит вакцинаси (ИПВ) билан 4 ойлик болаларни эмлаш киритилди. 

Мавзуга оид