Ўзбекистон | 15:24 / 05.09.2018
42266
2 дақиқада ўқилади

Пахта мавсумида теримчиларнинг ётоғи учун таълим муассасасидан жой ажратиш тақиқланди

Фото: KUN.UZ

2018 йилги пахта терими мавсумида республика бўйлаб 26 минг 467та терим отряди ташкил этилиши ва 2 миллион 639 минг нафар теримчи жалб қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

5 сентябр куни Вазирлар Маҳкамасида ташкил этилган видеоселектор йиғилишида терим отрядлари раҳбарларини рағбатлантириш мақсадида уларга бир ойда 2 миллион сўмдан ҳақ тўланиши айтилди. Маълум қилинишича, ушбу маблағлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамғарма ҳисобидан тўланиши жорий қилинмоқда. Бунинг учун жами 24,9 миллиард сўм иш ҳақи тўлаб берилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповнинг қайд этишича, отряд раҳбарлари теримчилар рўйхатини мустақил равишда шакллантиради, ишларни ташкил этишда бошчилик қилади. 

«Отряд раҳбари ким? У ишни ташкил этиш қобилиятига эга, эл-юртни таниган инсон. Масалан, 100 киши унинг қўл остида бирлашиб, пахта мавсумида мўмайгина даромад қилиш имконияти пайдо бўляпти. Раҳбарнинг ойлик маоши ана шу отряднинг самарадор ишлашига боғлиқ ва бу маош 1 ойга 2 миллиондан ошиши кутилмоқда», дейди Бош вазир. 

Йиғилишда жорий йилда теримга жалб қилинган 2 миллион 639 минг нафар теримчининг 426 минг нафари ёки 16 фоизи ётоқ билан таъминланиши айтилди. Улар 1363та палатка, 4496та дала шийпони ва бошқа жойларга жойлаштирилади. 

​​​«Бу йил теримчилар учун мактаб ё коллеж биносидан ётоқ учун жой ажратиш ҳолати бўлмайди. Болалар пахта терим мавсумида ҳам ўқиб, таълим олиши шарт. Уларнинг ўқитувчилари, нафақат педагоглар, балки барча фуқароларни мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолати юз бермаслиги лозим. Агар жойларда ҳокимлар шундай вазиятга йўл қўйса, биз уларни лавозимидан озод этамиз, Бош прокуратура эса қонун доирасида чора кўришга мажбур бўлади», деб таъкидлади Бош вазир.​

Мавзуга оид