Бугун, 6 сентябрь куни Тошкентдаги «Миллий» (собиқ «Бунёдкор») стадионида Ўзбекистон миллий терма жамоаси янги бош мураббий Эктор Купер бошчилигидаги​ илк учрашувда майдонга тушади.

Купернинг дастлабки ўйинида Ўзбекистонга Сурия терма жамоаси рақиб бўлади. Учрашув соат 20:00да бошланади.

Ўйин «Спорт ТВ» телеканали орқали жонли эфирда намойиш қилинади.

Сурия термаси бугун қизил, Ўзбекистон эса оқ-кўк либосда майдонга тушади.

Ўзаро учрашувлар
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Сурия билан шу вақтгача 3 марта учрашди. Умумий ҳисоб Сурия фойдасига 2:1. Бу терма жамоалар илк марта – 1996 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқичида учрашган. Ўшанда сурияликлар 2:1 ҳисобида зафар қучганди. Иккинчи ва учинчи тўқнашувлар эса ЖЧ-2018 саралашининг учинчи босқичи доирасида кечди. Дастлаб, 2016 йилнинг 1 сентябрида Тошкентда кечган ўйинда Александр Гейнрихнинг ягона голи мезбонлар ғалабасини таъминлади ва ўзбекистонликлар гуруҳ пешқадамига айланиб олишганди.

Аммо иккинчи даврада, 2017 йилнинг мартида Малайзиянинг Малакка шаҳрида кечган баҳсда ўйин охирида пенальтидан гол урган сурияликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди ва Ўзбекистонни мундиал йўлланмасидан узоқлаштирди. Саралаш босқичи якунида Сурия гуруҳда учинчи ўринни эгаллаб, кейинги босқичга йўл олди, Ўзбекистон тўртинчи ўринда қолиб кетди.

ФИФА рейтингидаги ўрни
Ўзбекистон миллий терма жамоаси айни дамда ФИФА рейтингида 97-поғонадан жой эгаллаб турибди. Осиё мамлакатлари орасида миллий терма жамоа Эрон, Австралия, Япония, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Сурия, Хитой, БАА, Ливан, Уммон, Ироқ ва Қирғизистондан кейин ўн учинчи ўринда жойлашган.

Сурия терма жамоаси ФИФА рейтингида 73-ўриндан жой олган. Осиё мамлакатлари орасида Сурия Эрон, Австралия, Япония, Жанубий Корея ва Саудия Арабистони каби мамлакатлардан кейинги олтинчи ўринда жойлашган.

Сўнгги учрашувларда қайд этилган натижалар
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сўнгги уч ўртоқлик ўйинининг барчасида мағлубиятга учраган.