Спорт | 09:44 / 30.07.2023
24382
7 дақиқада ўқилади

«Барселона» «Реал»ни йирик ҳисобда мағлуб этди, Винисиуснинг учта зарбаси тўсинга тегди

Хави жамоаси учта чиройли гол урди. «Реал» футболчилари эса тўрт бор тўсинни нишонга олишди, яна бир зарба устундан қайтди, шунингдек пеналтидан фойдалана олишмади. Биринчи бўлимда уч мажбурий ўзгариш амалга оширилди.

Фото: «Барселона» ФК

Испания чемпионати стартига икки ҳафта вақт қолганида каталонияликлар янги футболчилари билан Американинг Арлингтон шаҳрида мадридликларни тор-мор этди.

Ўртоқлик ўйини
«Барселона» — «Реал» — 3:0 (1:0)
Голлар:
Дембеле, 15 (1:0). Фермин Лопес, 85 (2:0). Ферран Торрес, 90+1 (3:0).
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Винисиус Жуниор, 20 (тўсин).
«Барселона»: Тер Штеген, Кристенсен (Эрик Гарсия, 29), Кунде, Араухо (Эззалзули, 76), Балде (Дест, 76), Гундўған (Сержи Роберто, 42), Ориол Ромеу (Ферран Торрес, 76), Ф.де Йонг (Алонсо, 76), Педри (Фермин Лопес, 66), Левандовски (Фати, 76), Дембеле (Рафиня, 66).
«Реал»: Куртуа, Алаба, Карвахал, Эдер Милитао, Менди (Фран Гарсия, 45), Валверде (Кроос, 58), Тшуамени, Камавинга (Модрич, 58), Беллингҳем (Хоселу, 73), Родриго (Браим Диас, 83), Винисиус Жуниор.

Винисиуснинг янги роли

«Реал» ва «Барселона» ўртасида ҳеч қачон ўртоқлик учрашувлари бўлмаган ва бўлмайди ҳам», — деди Карло Анчелотти ўтган йил Лас-Вегасда кечган класикони эслаган ҳолда. Ўшанда совринларга чанқоқ бўлган каталонияликлар фантастик мавсумдан кейин бироз хотиржамликка берилган мадридликларни мағлуб этган (1:0) ва қон исини олган жамоа якунда чемпионликка эришганди. Бу албатта, кўк-анорранглилар муваффақиятининг асосий омили эмас, аммо абадий қарама-қаршиликда арзимас жиҳатлар бўлмайди.

Мантиқан, бу сафар «Қироллик клуби» бу ўйинга қаттиқ тараддудланиб, жаҳлдорроқ бўлиши керак эди. Қолаверса, қаймоқранглилар жамоасида янги давр бошланди — жамоа энди Бенземасиз уддалаши керак. Анчелотти «Реал» Криштиану Роналду билан хайрлашганидан кейин қандай мослашган бўлса, бу йўқотишни ҳам шундай енгиб ўтишига ваъда қилмоқда. Энди — Азар қиёфасидаги «ўлик юк»дан халос бўлингач — португалияликка тегишли бўлган «еттилик» уни ўз кумири деб билган Винисиус Жуниорга ўтди.

Ушбу бразилияликнинг нафақат ўйин рақами, балки майдондаги роли ҳам ўзгарди. «Реал» классик 4-3-3 схемасидан Анчелоттининг севимли 4-4-2 схемасига ўтмоқда. Бенземасиз ва  Беллингҳем қиёфасидаги янги яримҳимоячи билан ушбу қарор мантиқий кўринади. Қолаверса, Родриго ҳам ўтган мавсумдаёқ ҳужум марказида ҳаракат қилган ва амалда қанотга боғлаб қўйилмаганди. Энди Винисиус ҳам шу йўлни босиб ўтиши керак.

Майдон марказида эса Беллингҳем олдинга чиқарилган ромб ҳосил бўлади. Шанба куни бу ромб Тшуамени, Валверде ва Камавинга билан биргаликда ташкил этилди. Бунга эса каталонларнинг Гундўған ва дебют ўйинида тўсинни нишонга олган Ориол Ромеу қиёфасидаги тажрибали футболчилари қарши туришди. 12 йил муқаддам, Хосеп Гвардиола бошқаруви вақтида «Барса»да дебют қилган ва Хави билан яхши алоқаларни сақлаб қолган 31 ёшли бу яримҳимоячи билан шартнома имзолаш бир қарашда тўғри қарор эмасдек кўринганди. Амалда эса Ромеу ўзининг ақлли ўйини ва меҳнаткашлиги эвазига Френки де Йонг билан жуфтликда Бускетснинг ўрнини билинтирмаслиги мумкин.

Дебютантдан нокаут

Икки жамоа ҳам ўйинни юқори суръатда олиб борди ва мухлислар бу мавсумолди ўйинлари доирасидаги ўйин эканини унутишди. Фақат мураббийлар кичик жароҳат хавфи юзага келганида ҳам футболчиларни алмаштиришни афзал кўришди. Шу туфайли Кристенсен, Гундўған ва Менди биринчи бўлимдаёқ майдонни тарк этишди.

Айни пайтда ўйинни ҳаддан ташқари қўпол кечди дейиш ўринсиз. Футболчилар шунчаки шиддат билан ҳаракат қилишди. Де Йонг майдон марказида подкат қилганидаги каби, бу ҳаракатдан кейин икки жамоа футболчилари тўпланиб, муносабатларга ойдинлик киритишга киришиб кетишди. Аммо биринчи бўлимдаёқ тўрт бор сариқ карточка кўрсатган арбитр ортиқча ҳиссиётларни тезда бостирди. Футбол ҳарорати эса сўнгани йўқ ва биринчи бўлимгача фақат бир гол урилгани бироз ҳайратланарли ҳам.

Фото: SAM HODDE/GETTY IMAGES

ОАВда «ПСЖ» кетиши ҳақида тинмай ёзилаётган ва Педрининг ақлли узатмасини дарвоза узоқ бурчагига аниқ жойлаган Дембеле яна гол уриши керак эди. Аммо яккама-якка вазиятга чиқиб кетган француз ҳужумчиси Куртуа билан дуэлни бой берди. Тер Штегенда ҳам ажойиб сейвлар бўлди, масалан, Родригонинг жарима зарбасидан кейин юқори бурчакка тушаётган тўпни бартараф этишга тўғри келди. Винисиуснинг эса икки зарбаси тўсинга тегди, биринчиси — пеналти ижро этганида рўй берди.

«Барса» том маънода ўз дарвозасини сеҳрлаб қўйгандек эди. Иккинчи бўлимда Тшуаменининг зарбаси тўсинга текканида Тер Штеген киноя билан жилмайиб қўйди. Кроос ва Модрич майдонга тушганидан кейин «Реал» ташаббус ва тўпни ўзига олгандек кўринди. Анчелотти аввалроқ «МЮ» дарвозасига қайчи услубида гол урган Хоселуни ҳам майдонга ташлади. Мадрид 4-3-3 схемасига ўтди ва Винисиус кенг қанот бўйлаб ҳаракатлана бошлади.

Бразилиялик бир неча юриш қилиб, мухлислар олқишига сазовор бўлди, аммо ҳал қилувчи вазиятда яна бир бор тўсинга зарба берди. Бу билан у шундай ҳет-трик ҳам қилиш мумкинлигини намойиш этди. Аммо бундан фойда — нолга тенг. Хоселу эса қулай вазиятда «иккинчи қават»дан хато зарба берди. Уларга Фермин Лопес самарадорликдан дарс берди.

«Барса»нинг 20 ёшли тарбияланувчиси, ўтган мавсумда учинчи дивизион вакили «Линарес»да ўйнаган ушбу футболчи Кроос олдириб қўйган тўпга эга чиқди ва жарима майдонига кирмасдан туриб юқори бурчакни аниқ нишонга олди, ўйин охирида эса Ферран Торресга ассистентлик ҳам қилди.

Фермин Лопес ўйиндаги иккинчи голни урди.
Фото: «Барселона» ФК

Зарбалар сони бўйича ҳисоб «Реал» фойдасига 28-12 кўринишида бўлган ўйин учун ҳайрон қоларли ҳисоб. Аммо кўк-анорранглилар Хави бошқарувида мадридликларни турли йўллар билан мағлуб этишнинг ҳадисини олишди. Тотал устунлик билан ёки ўз жарима майдони атрофида «автобус» қўйиш орқали ҳам. Ҳозир эса кўпчилик «Барса»нинг Америка сеҳрини эсламоқда, жамоа океанортидаги уч класикода ҳам ғолиб чиқди. Олдинги икки ҳолат чемпионлик мавсумларидан олдин рўй берганди. Бу тасодифми? Икки ҳафтадан кейин бошланадиган янги мавсум якунида билиб оламиз. Бу мавсум жуда қайноқ ўтишни ваъда қилмоқда.

Мавзуга оид