Бугун Мирзачўл тумани маркази — Гагарин шаҳарчасига борган киши уни танимай қолиши аниқ. «Обод қишлоқ» дастури асосида кўчалар равон, уй ва иншоотлар чиройли қилинмоқда, янги, замонавий кўп қаватли турар-жойлар қурилмоқда... Бу ердаги улкан бунёдкорлик ишлари кишини ҳайратга солади.

Шаҳарчанинг олтита маҳалласи намунавий тарзда обод этилмоқда. Шаҳарчага кираверишдаги «Ғалаба» маҳалласидаги ўзгаришлар, айниқса, эътиборга сазовор. Шундай ишлар айни дамда «Мустақиллик» маҳалласида ҳам олиб бориляпти. 30 та кўп қаватли уйнинг томи ва дераза ромлари янгисига алмаштирилаяпти. Кўп қаватли уйлар олдидаги фуқаролар томонидан барпо этилган ноқонуний қурилмалар бузиб ташланмоқда. Аҳолига турли қулайликлар яратилмоқда.
Мазкур маҳалланинг «Фаровон» кўчаси, 21-уйнинг биринчи қаватида жойлашган 13-хонадонида 7 йилдан буён бир ўзи ёлғиз яшаб келаётган I гуруҳ ногирони Феруза Қўлдошеванинг ҳаётида муаммолар пайдо бўла бошлади.

Болаликдан ногирон — полиомиелит туфайли тўшакка михланган Феруза Қўлдошева кўп йиллик парваришдан сўнг қўлтиқ таёқ, протез оёқ ва ногиронлик аравачасидан фойдаланиб, ҳаракатлана оладиган бўлди.
Дастур ижроси доирасида бир хонали уйига қўшимча тарзда қурилган хона ноқонуний қурилиш сифатида бузилди. У хонада Феруза опа тикувчилик қилар эди. I гуруҳ ногирони бўлса-да, иши пухта, моҳир тикувчи сифатида атрофга танилган. 4 та «Подольск» тикув машинасига эга бўлиб, унда маҳалла қиз-жувонларига тикувчилик сирларини ўргатарди, шу вақтгача ўзини-ўзи моддий таъминлай оларди.
«Интернатда менга тикувчиликни ўргатишган. Шу ҳунарим бор. Шу ҳунаримнинг ортидан озми-кўпми даромад қилаётган эдим. Билганларимни бошқаларга ҳам ўргатиб, тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган эдик», — дейди Ф.Қўлдошева.
Мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан унга «Шуҳрат» медали берилди. Ҳаётидан мамнун, юртбошидан миннатдор Ферузанинг кўнглида янги орзулар бўй чўзди. Эскирган тикув машиналари ўрнига 3 та замонавий «Juita» машиналарини сотиб олишга киришган чоғида тикувчилик устахонасидан айрилди.


















