Жаҳон | 15:10 / 07.09.2018
12510
2 дақиқада ўқилади

«ДХР»нинг вақтинчалик раҳбари тайинланди

Фото: Валентин Спринчак / ТАСС

Ўзини мустақил деб эълон қилган «Донецк халқ республикаси» («ДХР») парламенти Халқ кенгаши раиси Денис Пушилинни республика раҳбари вазифасини бажарувчиси этиб тайинлади. Бу ҳақда «ДХР» сайтида хабар берилган.

Таъкидланишича, Донецк парламенти ҳам Александр Захарченкони бу лавозимдаги ваколатларини «унинг ўлими муносабати билан» муддатидан аввал тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилди. «ДХР» собиқ раҳбарига суиқасд 31 август куни юз берди, уни «Сепар» кафесида портлатиб юборишди.

Аввалроқ, Пушилин Захарченкога қилинган суиқасдни тергов қилиш жараёни қандай давом этаётгани ҳақида маълумот берганди. Унинг қайд этишича, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари теракт қандай ташкиллаштирилгани ва амалга оширилгани борасида барча версияларни ишлаб чиқмоқда.

31 август куни Донецк марказидаги «Сепар» кафесида юз берган портлаш натижасида икки киши ҳалок бўлди, улар орасида ўзини мустақил деб эълон қилган «Донецк халқ республикаси» («ДХР») раҳбари Александр Захарченко ҳам бор. Портлашдан кейин олти киши касалхонага олиб кетилган, яна беш киши касалхонага боришдан бош тортган.

Шундан сўнг ўзини мустақил деб эълон қилган «Донецк халқ республикаси» («ДХР») собиқ етакчиси Александр Захарченконинг ўлдирилишида унга яқин бўлган шахслар иштирок этган бўлиши мумкинлиги хабар қилинганди.

Мавзуга оид