6 сентябрь куни Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом санъати анжуманининг тантанали очилиш маросими бўлди. 

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. 

Муҳтарам халқаро анжуман иштирокчилари!

Қадрли дўстлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Бугун бағрикенг, меҳмондўст, санъатсевар ўзбек диёрида катта байрам, катта шодиёна.

Жонажон Ватанимизнинг гўзал ва бетакрор масканларидан бири  Шаҳрисабз заминида, буюк Амир Темур бобомиз бунёд этган муаззам Оқсарой майдонида Халқаро мақом санъати анжумани тантанали равишда очилмоқда. Шу муносабат билан сиз, азизларни, ўз ҳаётини ноёб мусиқа дурдонаси бўлмиш мақом санъатига бағишлаган фидойи инсонларни чин қалбимдан муборакбод этаман.

Бугунги тантанамизда иштирок этаётган юқори мартабали меҳмонларимиз ЮНЕСКО, Осиё фольклор ижодиёти ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилмалар вакилларига алоҳида миннатдорлик билдирамиз. 

Россия Федерацияси Президентининг маслаҳатчиси, Владимир Ильич Толстойга, Қирғизистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Султанбай Райевга, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири Арстанбек Муҳаммед ўғлига, Тожикистон Республикаси маданият вазири Шамсиддин Ўрумбекзодага, Озарбайжон Республикаси маданият вазири Абульфас Гараевга, Туркия Республикаси маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Аҳмат Халук Дурсунга ўз ташаккурларимизни билдирамиз. Уларнинг юртларида ҳам мана шундай санъат байрамлари кўп бўлсин ва уларда қатнашиш бизга ҳам насиб этсин.

Яна бир қатор давлатларнинг маданият соҳаси раҳбарларини, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги муҳтарам элчиларини самимий қутлаб, чуқур миннатдорлик билдиришга рухсат этгайсиз.

Биз сизларнинг тимсолингизда тинчлик ва эзгулик намояндаларини, халқимиз ва маданиятимизнинг ҳақиқий дўстларини кўрамиз.

Хуш келибсиз, Ўзбекистонга, хуш келибсиз, Шаҳрисабзга!

Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Мамлакатимизда биринчи бор ўтказилаётган ушбу санъат байрамида дунёнинг 73 та давлатидан келган 300 га яқин иштирокчилар ва меҳмонлар қатнашмоқда. Уларнинг орасида нафақат ўз юртида, балки жаҳон миқёсида ҳам машҳур хонанда ва созандалар,  маданият ва санъат арбоблари,  мусиқашунос олимлар борлиги барчамизга катта мамнуният бағишлайди.