Америкалик ҳарбийлар Россиянинг Суриядаги навбатдаги авиазарбаларига тайёрланмоқда. СNN телеканали манбасига кўра, Россия томони бир ҳафта ичида икки марта расмий Вашингтонни америкалик ҳарбийлар жойлашган ҳудудга бўлажак ҳужум ҳақида огоҳлантирган.
Гап Эт-Танф базаси жойлашган Ҳомс вилояти ҳақида кетмоқда. Москвадагилар америкалик ҳарбийлар назоратидаги бу ҳудудда террорчилар бор деб ҳисобламоқда.
Америкалик ҳарбийлар Россия ҳарбийлари ҳаводан ва Ўрта Ер денгизидаги ҳарбий кемалардан туриб маҳаллий аҳоли вакиллари томон ҳам ракеталар йўллашидан хавотир билдирмоқда. Россиянинг ракеталари нотўғри манзил томон учса, америкаликлар жавоб қайтариши ҳам мумкин бўлади.
«Биз уларга Эт-Танфдан йироқроқ бўлишни маслаҳат қилдик. Биз жавоб ҳужуми уюштиришга тайёрмиз», — деган телеканал суҳбатдошларидан бири. Яна бир манба эса агар АҚШ ҳарбийларига ҳужум амалга оширилса, «худди шу тарзда муносиб жавоб қайтарилади».
Август ойи охирида Башар Асад армияси мухолифат назоратида қолаётган охирги йирик вилоят бўлмиш Идлиб вилоятига ҳужум қилишга тайёрланаётгани тўғрисида хабарлар тарқалганди.
Bloomberg агентлиги эса АҚШ Россияни агар Асад ҳарбийлари Идлибда кимёвий ҳужум уюштирса, Сурия бўйлаб ракеталар ёғдирилишидан огоҳлантиргани ҳақида хабар берди. Россия Мудофаа вазирлиги Идлибда АҚШ ҳужумига шароит яратилиши учун бошқа кучлар кимёвий ҳужум уюштириши мумкинлигини айтганди.
4 сентябрь куни Россия ҳарбий-ҳаво кучларининг 4 самолёти Суриянинг Идлиб вилояти ҳудудида жойлашган объектларга қарата юқори аниқликдаги зарбалар берди. Бу ҳужум оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳам ҳалок бўлди.
Сурияда қуролли низолар 2011 йилда бошланган. Зиддият Башар Асад бошчилигидаги ҳукумат кучлари, мухолифат ҳамда турли диний гуруҳлар ўртасида кечмоқда.















