Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, деб ёзмоқда Norma.

Пропискасиз шахслар паспорт олиш учун қаерга мурожаат қилишлари лозим

Умумий қоидаларга кўра, паспорт олиш учун доимий рўйхатда ёки консуллик ҳисобида турган жойга мурожаат қиладилар.

Қўшимчаларга мувофиқ, доимий рўйхатга олинмаган фуқаро олдинги рўйхатда турган жойи бўйича маълумотларни йиғиш пунктига ёки пропискага оид маълумотлар мавжуд бўлмаса, ўзи турган жойдаги маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилиши мумкин.

 Доимий рўйхатга олинмаган ҳарбий хизматчи хизматни ўтаб бўлгач, паспорт олиш учун олдинги рўйхатда турган жойи, туғилган жойи ёхуд амалда яшаб турган жойи бўйича маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилиши мумкин.

Йўқотилганининг ўрнига паспортни қандай олиш мумкин

Тузатишлар билан йўқотилганлари ўрнига паспорт бериш механизми аниқлаштирилди.

Паспортини йўқотиб қўйган фуқаро унга янгисини берадиган маълумотларни йиғиш пунктига зудлик билан хабар бериши лозим. Паспорт йўқолганлиги тўғрисидаги аризалар ҳисобга олиш журналида рўйхатга олинади. Вақтинча хорижда бўлганлар қайтиш гувоҳномасини олиш учун мамлакатимиз консуллик муассасасига мурожаат этадилар. 

Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси паспорт (ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат) йўқотилганлиги тўғрисида белгиланган шаклдаги маълумотномани беради. Унинг орқа томонига доимий ёки вақтинча рўйхатда турганлиги тўғрисида штамп қўйилиши мумкин.

Республиканинг бошқа ҳудудларидан доимий яшаш жойига келган ва янги яшаш жойи бўйича рўйхатга олингунга қадар паспортини йўқотиб қўйган фуқароларга уларнинг аризаларига кўра ИИО томонидан паспорт йўқолгани ҳақидаги иш очилади. Янги паспортлар доимий яшаш мақсадида келган жойда уларни рўйхатга қўйиш асослари мавжуд бўлган тақдирда берилади. Рўйхатга олишга асослар мавжуд бўлмаса, паспорт рўйхатдан чиқишни бекор қилган ҳолда олдинги рўйхатдан ўтган жойидаги ёки унга асослар мавжуд бўлганда бошқа янги рўйхатдан ўтиш жойида берилади.

Янгиси берилгунга қадар йўқолган паспорт топилса, паспорт йўқолгани ҳақидаги иш юритиш тугатилади, янгиси берилгандан кейин топилса – топилган паспортни зудлик билан ИИОга топшириш зарур.