9 сентябрь куни асли ўзбекистонлик "USM Holding" акциядорлик жамияти таъсисчиси ва раҳбари, Россиядаги металлургия заводи, "Коммерсант" газетаси каби қатор корхоналар эгаси, Forbes'нинг энг бадавлат кишилар рейтингида 31-ўринда қайд этилувчи Алишер Усмонов ўзининг 65 ёшини қаршилади. У дунёда биринчи бўлиб Интернетнинг тижорий салоҳиятини кўра билган ва аксарият миллиардерлардан фарқли ўлароқ, ўз шахси атрофида ортиқча шов-шувларсиз хайрия ва меценатликка 2 миллиард доллар киритган.

Усмоновнинг лойиҳалари
Усмонов фонди тарихида бундай лойиҳалар талайгина. У Россия санъат усталарининг кўплаб асарларини бошқа мамлакатлардан ортга қайтарган. РФ президенти Владимир Путин ва Папа Франциск ташаббуси айнан Алишер Усмонов томонидан молиявий қўллаб-қувватланган. Рафаэль, Караваджо, Беллини асарларини Россияга қайтари, уларни суғурталаш - барча-барчаси Усмоновнинг саъй-ҳаракатлари асосида амалга оширилган.
Бундан ташқари, Алишер Усмоновнинг фонди кўзи ожиз болалар ва ўсмирларни қўллаб-қувватловчи дастурларни амалга оширади: турли шаҳарлардаги мослаштирилган театрлаштирилган томошаларни ташкил қилиш, шунингдек реабилитацион имкониятлар шулар жумласидандир. Россия ва хорижлик офтальмологларнинг "Бионик кўз" номли қўшма лойиҳаси эса кўришни орзу қилаётган қанчадан-қанча болаларга кўриш қобилиятини қайтарди.
Бундан ташқари, Алишер Усмонов 2014 йилда Christie's кимошди савдосида америкалик олим Жеймс Уотсоннинг Нобель медалини сотиб олиб, уни Россия Фанлар академиясига мукофотни эгасига қайтаришлари учун топширган. Уотсон молиявий эҳтиёжлари сабаб медални сотишга мажбур бўлганди.
Волга (Россия)даги ислом таълими маркази - Татаристондаги энг янги Ислом академияси бюджетининг ярми Усмоновнинг молиявий маблағлари томонидан қўллаб-қувватланади. Шу боис Алишер Усмонов бир неча марта юксак мукофотлар билан тақдирланган.

Миллиардернинг "Санъат, илм-фан ва спорт" фонди спорт клублари ва федерациялари, ёш спортчилар ва тажрибали атлетларни қўллаб-қувватлайди. Алишер Усмоновнинг ўзи ҳам спорт устаси бўлиб, бугунги кунда Халқаро қиличбозлик федерациясининг президенти ҳисобланади. Айнан қиличбозликка бўлган қизиқиш туфайли у Тошкентдаги спорт саройларидан бирида ўзининг бўлғуси турмуш ўртоғи бадиий гимнастика бўйича ажойиб чемпионларнинг мураббийи Ирина Винер билан танишган.
















