Корхоналар эгалари ва топ-менежерлар ўз ходимлари учун психоаналитик ёллаб, фойда кўришмоқда. Нима учун «Битрикс-24» раҳбари бундай мутахассисни штатга ёллади ва бу ижтимоий тадқиқот қандай натижа берди? Forbes таҳлилчи Сергей Рижиковнинг шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.
World Health Organisation'га кўра, стресс XXI асрнинг асосий касалликлари рўйхатига киритилган. Сайёрамиз иқтисодиёти ҳар куни ходимларнинг иш жойларида стресс орттириши сабаб юзлаб миллиардларни йўқотади. АҚШ йўқотишларни 300 миллиард доллар, Германия - 29,2 миллиард евро, Австралия - 5,3 миллиард Австралия доллари, Франция эса 3 миллиард еврога баҳоламоқда.
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) маълумотларига кўра, ҳар йили 2,3 миллион киши стресс ва иш жойида соғлиғини йўқотиш натижасида ҳаётдан кўз юмади. Ҳар 15 сонияда кимдир иш жойининг ўзида вафот этади. Ходимлар ўлимига асосан юрак-қон томир касалликлари сабаб бўлади.

Давомли стресс оғир психологик деформациялар - депрессия ва руҳий касалликларга олиб келади. Кўп ҳолатларда муаммони спиртли ичимликлар, гиёҳванд моддалар ва ассоциал хатти-ҳаракатлар билан "даволаш" кузатилади.
Психолог урушда
Далилларга мурожаат қиламиз — ҳафтасига 55 ва 77 соат ишлаган ходимларнинг ўртача самарадорлиги тахминан бир хил бўлади. Бироқ кўп меҳнат қилган ишчининг жиддий касаллик "орттириш" хавфи 33 фоизга ўсади. Компанияларнинг эгалари ва топ-менежерлари стресс, офисдаги ноқулай муҳит, қатъий дедлайн ва ноаҳил жамоага жиддий муаммо сифатида қарашармикан? Йўқ, албатта. Бу каби муаммолар аксарият раҳбарларни қизиқтирмайди.
Аслида эса трансмиллий корпорациялар бир неча ўн йиллардан буён ўз ходимларида стрессни бартараф қилишга жуда жиддий муносабатдалар. Улар штат психоаналитиклари ёрдамига мурожаат қилишади. 1940-йиллардан психологлар ҳатто алоҳида йўналиш — Industrial-Organisational Psychology (I-O psychology) сифатида пайдо бўлган. Йўналиш асосан америкалик психолог Роберт Йеркес шарофати билан юзага келган. Биринчи жаҳон уруши даврида у Army Alpha ва Army Beta психологик мувофиқлик тестини ишлаб чиққан.
Бу ҳужжатлар АҚШ ҳукуматига ўз армияси персоналини самарали ёллаш ва тақсимлашга ёрдам берган. Иккинчи жаҳон уруши даврида Америка ҳарбий раҳбарияти Йеркс ва унинг жамоасини яна ҳарбий кучларда ишлашга жалб қилди. Ушбу кампания давомида у армия бўлимларида ахлоқ-одоб ва ментал иқлим масалалари билан шуғулланган. Психологнинг армияда фаолият юритиши шу қадар ижобий самара берганидан бирйўла икки гигант — Standard Oil и General Electric Робертнинг хизматларига қизиқиб қолди. Бу — ташкилот штатида психоаналитик фаолиятидан фойда бўлиши исботланган илк машҳур ҳолатлардан бири. Бугунга келиб АҚШда ҳатто NFL футбол жамоалари раҳбарлари ҳам I-O Psychology мутахассисларини ўзи ишига жалб қилади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ушбу лиганинг 32 жамоаси ҳам дунёнинг энг қимматбаҳо топ-50 жамоаси рўйхатига киради.













