«Ислом Каримов ҳам алоқаларни жонлантириш ниятида эди». Лукашенко ташрифга тайёргарлик ҳақида гапирди
Беларусь президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга ташрифига 2 йил давомида тайёргарлик кўрилган. Бу ҳақда Беларусь президенти Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев билан музокаралар якунида журналистларга сўзлаб берди.
Маълум бўлишича, Александр Лукашенконинг ташрифи бўйича у 2016 йил кузида Самарқандга, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг дафн маросимида иштирок этиш учун келганида келишувга эришилган. Ўшанда Шавкат Мирзиёев Беларусь раҳбарини Ўзбекистонга таклиф этганди.
«Биласизми, Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримов ҳам биз узоқлашиб кетганимизни ҳис қилганди. У ҳам икки давлат муносабатларда сукут пайдо бўлганини англаб етган эди. Ҳаётининг охирги йилларида биз у билан ўзаро алоқаларни жонлантириш учун ўзаро ташрифлар амалга ошириш бўйича келишиб олгандик.
Кейин у оламдан ўтди. Биз Шавкат (Шавкат Мирзиёев) билан Самарқандда учрашганимизда, мавжуд муаммолар ҳақида гаплашдик.
Ислом тирик бўлганида (Ислом Каримов), бу ташриф протокол ташриф бўларди. Шавкат Мирзиёевга эса шошилмасдан, катта ташриф ташкиллаштиришни таклиф қилдим. Биз ҳар томонлама пухта ҳозирлик кўрдик. Икки йилда ушбу ташриф амалга ошди, якуни эса сермаҳсул.
Биз туристик ташриф билан келмадик. Мен буни ҳис қилмоқдаман. Биз бу ерга муайян таклифлар билан келдик», дея Беларусь раҳбарининг сўзларини келтирмоқда «Kun.uz» мухбири.
Беларусь президенти 24 йиллик танаффусдан сўнг илк марта давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Бу расмий ташрифи давомида 19та ҳужжат имзоланди. Икки давлат раҳбарлари бундай амалиёт икки мамлакат сиёсий тарихида кузатилмаганини эътироф этишди.
Мавзуга оид
20:49 / 11.11.2024
Беларус расман БРИКС бўйича шерик давлат мақомини олди
22:17 / 07.11.2024
Лукашенко яна 31 нафар сиёсий маҳбусни афв этди
14:30 / 05.11.2024
Лукашенко: РФ Беларус орқали Полша, Литва, Латвия ва Украинага ҳужум қилмоқчи эмас
13:10 / 24.10.2024