Россия президенти Владимир Путиннинг маълум қилишича, Россия тинчликсевар давлат ва унда тажовузкор режалар йўқдир. Бу ҳақда у «Восток-2018» ҳарбий машғулотларига ташриф буюрган пайтда айтиб ўтди, деб хабар бермоқда «Интерфакс».

«Бизнинг ташқи сиёсатимиз манфаатдор бўлган барча мамлакатлар билан самарали ҳамкорлик қилишга қаратилган», - дея айтиб ўтди Россия етакчиси.

Шу билан бирга, у ҳарбийларга мурожаат қилиб, ватан олдидаги бурчлари «мамлакат суверенитети, хавфсизлиги ва миллий манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр туриш»да эканини қайд этиб ўтди. «Керак бўлса - иттифоқчиларни ҳам қўллаб-қувватлаш», - дея қўшимча қилган Путин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Узоқ Шарқда Россия тарихидаги энг катта ҳарбий машқлар бошланганди.

Машқлар 11-17 сентябрь кунлари Россиянинг Узоқ Шарқида ва Тинч океанига қўшни сувларда ушбу мамлакат мудофаа вазири Сергей Шойгу раҳбарлигида ўтказилади. Таъкидланишича, улар сўнгги 37 йил ичидаги энг катта ҳарбий машқлар бўлади. Уларда жами 300 минг ҳарбий, ўн минглаб зирҳли машиналар, вертолётлар, самолётлар ва учувчисиз учар қурилмалар қатнашади. Шунингдек, Мўғулистон ва Хитойдан келган ҳарбийлар машқларга қўшилиши кутилмоқда.