Россия Миллий гвардияси раҳбари Виктор Золотовнинг ўғли Роман Золотов Москва вилояти, Одинцовский тумани ҳудудидаги бойлар қишлоғи бўлмиш Барвихада қимматбаҳо тураржойга эгалик қилади. «Новая газета» нашри маълумотига кўра, бу уйнинг нархи 700 миллион рублга баҳоланади. Нашр Золотовлар оиласининг кошонасининг дрон орқали олинган тасвирларини эълон қилди.
Роликдаги тасвирдан кўриш мумкинки, Золотовнинг ўғли хиёбон ўртасидаги ҳашаматли қасрда яшамоқда.

Бу уйнинг ёнидаги уйлар ҳам ҳашаматда бир-биридан қолишмайди. Шулардан бири Золотовнинг куёви Юрий Чечихинники бўлиб, 2 гектар майдондаги бу сарой баҳоси 1,5 миллиард рублга тенг.

Нашр маълумотига кўра, «миллиардерлар қишлоғи»даги ҳовлини Золотовнинг 23 ёшли ўғли 2003 йилда олганди. 700 минг кв м майдондаги бу уй 3 йил давомида қурилган.

Роликда журналистлар бу уйни Золотов ва Навальнийнинг дуэли учун муносиб жой деб аташган.
11 сентябрь куни Россия Миллий гвардияси раҳбари Виктор Золотов Коррупцияга қарши курашиш фонди раҳбари Алексей Навальнийга видеомурожаат йўллаб, уни дуэлга чорлади. Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди август ойи охирида Росгвардияни ҳарбийлар учун маҳсулотларни оширилган нархларда сотиб олиши бўйича тадқиқотларини эълон қилганди.
Бунга жавобан Золотов шундай деди: «Мен сизни жангга чақираман. Рингдами, татамидами, сизга қаер қулай бўлса, ўша жойга. Ҳар қандай майдонда мен сизни бир неча дақиқада ширали котлетга айлантиришга ваъда бераман».














