Жорий йилнинг февраль ойи бошларида Фарғона вилояти Олтиариқ туманида 5 ёшли қизни йўқолиши ва кейинчалик вафот этган ҳолда топилганлиги билан боғлиқ жиноят иши барчани жунбишга келтирди.

ЎзА’нинг ёзишича, жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди томонидан мазкур жиноят иши очиқ суд мажлисида мазмунан кўриб чиқилиб, 2018 йил 13 сентябрь куни айблов ҳукми эълон қилинди.
– Бу ҳолат бўйича Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган, – дейди жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди раиси М. Ибрагимов. – Суд ҳайъати томонидан очиқ суд мажлисида судланувчи, жабрланувчининг қонуний вакиллар, гувоҳлар, эксперт-мутахассис ва терговчиларнинг кўрсатувларини, тарафлар музокарасини, судланувчининг музокара ва охирги сўзларини тинглаб, жиноят ишидаги ҳужжатлар ва далиллар синчковлик билан ўрганиб чиқилди. Суд мазкур жиноят иши бўйича адолатли ҳукмини чиқарди.

Судда аниқланишича, Қўштепа туманида яшовчи 1998 йилда туғилган Акмал Абдураҳмонов 2018 йил 5 февраль куни эрталаб яшаш хонадонидан велосипедда Олтиариқ тумани марказидаги бозорга борган. У қайтишда "Полосон" маҳалласидаги 6-мактабгача таълим муассасаси ёнидан ўтиб кетаётиб, ушбу муассасадан кузатувчисиз чиқиб кетаётган тарбияланувчилар вояга етмаган Ш.Ғоффоралиев, Х.Ғоффоралиева ва К.Ғоффоралиевани ёнига чақириб, уларга велосипедда сайр қилдириб, дўкондан ширинликлар олиб беришини айтиб, алдаб, Ш.Ғоффоралиев ва Х.Ғоффоралиевани велосипедининг орқа ўриндиғига, К.Ғоффоралиевани эса велосипедининг олд қисмига ўтирғизиб, уларни ўғирлаб кетган.
Шундан сўнг А.Абдураҳмонов ўғирлаб кетаётган Ш.Ғоффоралиев ва Х.Ғоффоралиевани Олтиариқ тумани, "Тошхирмон" кўчаси бўйлаб ўтган йўл четида қолдириб, К.Ғоффоралиевани эса ўзи билан бирга велосипедда Тошкент-Марғилон-Андижон йўналишидаги темир йўлнинг Олтиариқ-Марғилон қисмидан Марғилон шаҳри йўналиши томонга олиб бориб, вояга етмаган, ожиз аҳволдаги К.Ғаффоралиевани ушбу темир йўлнинг 244 километри, 6-пикетида унинг ҳаёти ва соғлиғини хавф остида қолдириб, шу жойда ёлғиз ўзини ташлаб кетган.
















