Жамият | 15:40 / 18.09.2018
9300
2 дақиқада ўқилади

Депутат томонидан 150 та кам таъминланган хонадонларга моддий ёрдам кўрсатилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида “Депутат бўлиш, халқ ишончини қозониш ва уни муносиб равишда оқлаш — бу осон эмас. Бундай шараф ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Депутат — фикри зикри билан халққа энг яқин одам, доимо эл-юртнинг ташвиш ва муаммолари билан яшайдиган, катта билим ва тажрибага эга бўлган шахс”, дея таъкидлаган эдилар.

Дарҳақиқат, депутат энг аввало, халқ вакили. У аҳоли манфаатларини ифода қилади, таклиф, муаммо ва мурожаатларини тинглаб, шу асосда иш олиб боради, халқ ва давлат ўртасида кўприк вазифасини ўтайди. Депутат аҳоли томонидан давлат ҳокимиятининг олий, маҳаллий вакиллик органларига сайланган ишончли вакилидир. Шунинг учун унинг зиммасида сайловчилар манфаатларини ифода этиш вазифаси туради.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Шайхонтахур туман Кенгаши депутати Лутфулла Хайруллаевич Убаев "Ипакчи" маҳалласининг аҳолиси ҳолидан доимий равишда хабар олиб турибди. 
Депутатнинг шахсий ташаббуси билан маҳалладаги кам таъминланган оилалар аҳволи ўрганилиб, уларни моддий томондан қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган. 

Жорий ойининг 17, 18 сентябрь кунлари маҳалладаги 150 дан ортиқ кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларга пластик тўлов карталари очиб берилиб,  пул кўринишида моддий ёрдам кўрсатилди. 

Албатта, амалга оширилаётган бу каби эзгу ишлардан маҳалла аҳли миннатдор. Маҳалла оқсоқоллари Лутфулла Хайруллаевич Убаев каби катта ҳаёт тажрибасига эга, ўз ишининг ҳақиқий фидойиси ва маҳалла ривожи учун кечаю кундуз тинмай меҳнат қиладиган депутат ҳаққига доимий дуолар қилишмоқда.

Мавзуга оид