Kun.uz таҳририятига Тойлоқ тумани «Сариосиё» маҳалласидан мурожаат келиб тушди.
«Мен Тойлоқ тумани Сариосиё қишлоғидаги стадион масаласида мурожаат қиляпман. Бизни қишлоқ аҳли ўн йил деганда бир амаллаб стадионга эга бўлган эди. Бироқ сўнгги пайтларда стадион ҳудудини туман мутасаддилари келиб, уни ҳар томондан ўлчаб кетишмоқда. Маълум бўлишича, ўша стадион ўрнига хусусий болалар боғчаси қуриш режалаштирилаётган экан. Стадион Сариосиё ва Қўтирбулоқ қишлоғидаги 3 мингдан ортиқ аҳолига хизмат қилади. Нима сабабдан ушбу стадион хусусий боғчага айлантирилаётганини тушуниш қийин.
Ваҳоланки, қишлоғимизда болалар боғчаси бор. Ўша болалар боғчаси стадиондан бор-йўғи 500 метр узоқликда жойлашган. Хусусий тадбиркор ўз сармоясини шу ерга сарфласа бўлмайдими? Тайёр стадионни йўқ қилишдан мақсад нима?
Қолаверса, стадион ерлари айрим фуқаролар томонидан ноқонуний ўзлаштирилмоқда. Хусусан, стадионни олдида қолдирилган йўлни аҳоли эгаллаб олиб, қурилиш қилиб юборган. Натижада, давлат томонидан қолдирилган йўл стадион ҳудудига чиқиб кетган.
Бугунги кунда мамлакатимизда спортга, хусусан, футболга алоҳида эътибор қаратилаётган бир вақтда тайёр стадион ўрнига болалар боғчаси қурилишидан ким манфаатдор? Қайтанга ўша стадион туман ҳокимлиги ва ҳомий ташкилотлар томонидан таъмирланиб, бирор бир спорт комплекси қуриб берилса бу ерда юзлаб ёшлар спорт билан шуғулланиш имконияти яратилади-ку?! Бу орқали ёшлар ўртасидаги жиноятчиликка барҳам берилиб, уларни соғлом турмуш тарзига етакласа бўлади.
Сўнгги вақтларда хусусий боғча қуриш мақсадида олинган ерлар кейинчалик шахсий томорқа сифатида сотилиб кетиш ҳоллари ҳам учрамоқда. Бу ерда ҳам шундай ҳол бўлмаслигига ким кафолат бера олади?
Ҳурматли Kun.uz таҳририяти ходимлари, сизларга мурожаат қилишимиздан мақсад, бизнинг қишлоқдаги стадионни аҳволини яхшилаш, имкони бўлса шу ерда бирор бир спорт комплекси қурилишида амалий ёрдам беришингизни сўраб мурожаат қилмоқдамиз», – дейилади мурожаатда.
Биз мурожаатни жойида ўргандик ва унда келтирилган саволларга жавоб изладик.
Маҳаллада жойлашган стадион бир оз қаровсиз аҳволда. Стадионда аҳоли қорамоллари боғланган.



















