Иқтисодиёт | 12:46 / 20.09.2018
13702
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда нефть ва кўмир қазиб олиш суръатлари пасаймоқда

Фото: iStock

Ўзбекистонда жорий йилнинг январь-август ойларида тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлашда йирик саноат корхоналари томонидан айрим турдаги саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш суръатлари эълон қилинди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлаш маҳсулотлари орасида кўмир ҳамда нефть қазиб олиш 2018 йилнинг 8 ой якунига кўра, 2017 йилнинг мос даврига таққослаганда, ўсиш суръатлари пасайган. Масалан, кўмир 2017 йилда 2664,8 минг тонна қазиб олинган бўлса, жорий йилда бу маҳсулотни 2392,9 минг тонна қазиб олишга эришилган. Шундай қилиб, ўсиш суръати 89,8 фоиз нисбатида кўрилмоқда.

Бундан ташқари, нефть қазиб олиш суръати ҳам 9,9 фоизга тушиб, 2017 йилдаги ҳажмдан 55,1 минг тоннага камайган. Бироқ, табиий газ ишлаб чиқариш 6,8 фоиз, газ конденсати эса 14,3 фоизга ошган.

Тоғ- кон саноати ва очиқ конларни ишлаш корхоналари томонидан 2018 йилнинг январь-август ойларида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 21,6 трлн.сўмни ёки жами ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажмининг 16,6 фоизни ташкил этди.

Мавзуга оид