Саудия Арабистонидаги муҳим «Шарқ—Ғарб» нефт қувурининг ишдан чиқиши жаҳон нефт бозорига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Reuters нефт бозоридаги хабардор манбаларга таяниб хабар беришича, агар Ар-Риёд яқин кунларда қувур орқали нефт узатишни тикламаса, мамлакат экспорт учун зарур нефт захиралари танқислигига дуч келади.
Манбалар ҳисоб-китобига кўра, бу ҳолат жаҳон бозорига нефт етказиб бериш ҳажмининг 4 фоизга камайишига олиб келиши мумкин.
Саудия Арабистони расмийлари ҳозирча дронлар ҳужумидан кейин нефт қувурига етказилган зарарнинг тўлиқ кўлами ва нефт узатиш қачон қайта тикланиши ҳақида батафсил маълумот бермаган.
«Шарқ—Ғарб» нефт қувури фаолияти 11 сентябр куни тўхтатилган эди. Мамлакат Энергетика вазирлиги бу қарор Ироқ ҳудудидан Ар-Риёд ва Мадина вилоятларига дронлар билан зарбалар берилганидан кейин «эҳтиёт чораси» сифатида қабул қилинганини маълум қилган.
Reuters суҳбатлашган манбалардан бири қувурни таъмирлаш ишлари беш-олти ҳафтага чўзилиши мумкинлигини айтган. Бошқа бир манба эса таъмирлаш ишларини тезроқ якунлаш ва ҳатто ишлар тўлиқ тугамасидан олдин нефт узатишни қисман тиклаш мумкинлигини билдирган.
Узунлиги 1200 километр бўлган «Шарқ—Ғарб» қувури Саудия Арабистони шарқидаги асосий нефт конларини Қизил денгиз соҳилидаги Янбу порти билан боғлайди. Ушбу йўналиш Ар-Риёдга Ҳўрмуз бўғозидан фойдаланмасдан кунига миллионлаб баррель нефтни экспорт қилиш имконини беради.
Ҳўрмуз бўғозида ҳаракат чеклангани фонида Саудия Арабистони мазкур нефт қувуридан фойдаланишни сезиларли даражада оширган. Халқаро энергетика агентлиги ҳисоб-китобига кўра, июнь ойига келиб ушбу йўналиш орқали нефт экспорти кунига қарийб 8 млн баррелга етган.
Бироқ сўнгги ҳафталарда Қизил денгизда Саудия танкерларига ҳусийлар ҳужумлари ортидан ушбу йўналиш имкониятлари ҳам қисқарган. Август ойида Янбу орқали кунига тахминан 2,5 млн баррел нефт экспорт қилинган. Халқаро энергетика агентлигига кўра, бу 2013 йилдан буён қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.
«Шарқ—Ғарб» нефт қувури апрел ойида ҳам ҳужумга учраган, аммо ўшанда Saudi Aramco уни қисқа вақт ичида қайта ишга туширган эди.














