Жаҳон | 11:26 / 21.09.2018
3401
2 дақиқада ўқилади

Google Трамп миграция сиёсатига халақит бермоқчи бўлган - WSJ

Фото: Mike Blake/Reuters

2017 йилда Google корпорацияси ходимлари ўз қидирув тизими алгоритмларига аралашувни муҳокама қилишган, бу АҚШ президенти Дональд Трампнинг миграция сиёсатига салбий таъсир кўрсатиш мақсадида амалга оширилган. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетаси ички корпоратив почтага асосан ёзмоқда.

Таъкидланишича, Google ходимлари 2017 йилнинг январь ойида Трамп «Қўшма Штатларга хорижий террорчиларнинг кириб келишидан миллатни ҳимоя қилиш» фармонини имзолаганидан бир неча кун ўтиб, қидирув алгоритмларига аралашув масаласини муҳокама этишган. Бу ҳужжат мигрантларга нисбатан қаттиқ чораларни жорий қилди, жумладан, қатор давлатлардан мусулмонларнинг кириши бутунлай тақиқланди.

Google ходимлари ўз қидирув тизими ишини ўзгартириб, у миграцияга оид масалалар билан шуғулланувчи ташкилотлар ва давлат идораларига ҳаволаларни фойдаланувчиларга кўпроқ кўрсатишини хоҳлашган. 

Шунингдек, улар қидирув тизимига аввалдан тайёрлаб қўйилган натижаларни кўрсатиш мажбуриятини юкламоқчи бўлишган, бунда фойдаланувчиларнинг Трамп миграция сиёсатига алоқадор бўлган сўзлар бўйича маълумот излаши етарли эди. Улар орасида «ислом», «мусулмон», «Мексика», «Эрон» ва бошқа сўзлар бор.

Ўз навбатида, корпорация вакилининг маълум қилишича, ходимлар мактубларидаги ғоялар ҳеч қачон амалда қўлланилмаган.

«Google қидирув тизими орқали ҳеч қачон манипуляция қилмаган», - дея таъкидланади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Google фойдаланувчилар хатларидан маълумот тўплаш имконини яратгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид