Ўзбекистон | 10:04 / 22.09.2018
10216
2 дақиқада ўқилади

Нотариуслар бармоқ изларини сканер қилишни бошлайди

Фото: DPA

Адлия вазирлиги 2та маъмурий регламент қабул қилинганлигини маълум қилди.
 
2019 йил 1 январдан бошлаб нотариуслар нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахсларнинг бармоқ изларини мустақил равишда сканер қилишлари ва уларни паспортдаги (фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатидаги) биометрик маълумотлар билан солиштиришлари мумкин бўлади. Бунинг учун ички ишлар органлари билан ўзаро электрон ҳамкорлик ташкил қилинади. Жараён нотариал ҳаракат турига қараб 15-30 дақиқа ичида амалга оширилади, деб ёзмоқда Norma
 
Бундан ташқари, турар жой олди-сотди шартномасини расмийлаштиришда фақат кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат билан биргаликда кадастр йиғмажилди, шунингдек паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатни тақдим этиш сўралади. Доимий пропискада бўлган шахслар ҳақидаги маълумотнома талаб этилмайди. Тегишли маълумотларни нотариуслар ички ишлар органларига сўровнома юбориш йўли билан мурожаат қилинган пайтдан бошлаб 20 дақиқа давомида оладилар.
 
Сўровномани юбориш усулига боғлиқ ҳолда жавоб қуйидагича олинади:

• курьерлик хизмати орқали юборилса – бир соат ичида;
• идоралараро электрон тизим орқали юборилса – реал вақт режимида.
 
Тўлдириш: кейинроқ Адлия вазирлиги кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш шартномасини нотариал тасдиқлаш ҳам умуман тезлаштирилишини маълум қилди. Бундай имконият нотариусларга ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасидан бино ва иншоотларнинг тегишлилиги ва таркиби, кадастр рақами ва умумий (яшаш) майдони ҳажми, кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ ва хатлов мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотларни мустақил равишда сўраб олиш (курьер ёки электрон тизим орқали) ваколати тақдим этилиши боис юзага келади. Битимни расмийлаштириш барча зарур ҳужжатлар олингандан кейин 30 дақиқа ичида амалга оширилади.
 
Тошкент шаҳрида мазкур маълумотлар нотариал идораларга онлайн-режимда тақдим этилмоқда.

Мавзуга оид