Жаҳон | 11:59 / 22.09.2018
23621
2 дақиқада ўқилади

Украина Россия билан дўстликка нуқта қўйди

Фото: AFP

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Россияга мамлакатлар ўртасидаги Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги шартнома узайтирилмаслиги тўғрисида билдиришнома юборди. Бу ҳақда 21 сентябрь, жума куни Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Павел Климкин маълум қилди, дея хабар беради «Гордон».

«Бугун биз Россияга тегишли нотани топширдик», - деди у. Унда, Климкиннинг сўзларига қараганда, ушбу шартноманинг барча томонлари Россия томонидан бузилганига оид маълумот мавжуд.

«Бу Россия Федерациясининг Украинага қарши қуролли тажовузи, Россия Федерациясининг гибридли тажовузи, иқтисодий босим, шунингдек, Украина фуқароларининг ҳуқуқларини бузишга алоқадордир. Ушбу шартнома Россия Федерацияси томонидан тубдан бузилди ва шунинг учун узайтирилмайди», - дея қўшимча қилиб ўтди вазир.

Климкиннинг кўрсатишича, Киев Москва билан тузилган шартномаларни қайта кўриб чиқишни давом эттиради. «Икки томонлама ҳуқуқий асосни тубдан қайта кўриб чиқиш керак», - дея таъкидлаб ўтди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳужжатларни кўриб чиқишда Украина фақат ўз манфаатларидан келиб чиқади. Климкин Киев ўзгартириш ёки бекор қилишни режалаштираётган аниқ ҳужжатларни ошкор этмади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Порошенко Россия билан дўстлик тўғрисидаги шартномани бекор қилганди. 

Мавзуга оид