Жаҳон | 14:41 / 24.09.2018
18152
2 дақиқада ўқилади

Астраханда ЙТҲ: Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди, яна тўрт киши касалхонага ётқизилди

23 сентябрь куни «Ахтубинск - Нижний Баскунчак» автомобиль йўлининг 16-километрида Nissan Almera машинаси бошқарувида бўлган аёл бошқарувни эплай олмаган, натижада автомобиль ағдарилиб кетган. Бу ҳақда Россиянинг Ички ишлар вазирлигининг Астрахань области бўйича бошқармаси хабар бермоқда.

Бошқарма маълумотларига кўра, у Ўзбекистондан бўлган 4 нафар ишчини олиб кетаётган эди.

«Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 1978 йилда туғилган йўловчи олган жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этди. Ҳайдовчи, шунингдек, 24 ёшли қиз, 40 ёшли аёл ва 50 ёшли эркак бош мия ёпиқ жароҳати, қовурғалар, ўмров, тос суяги синиши каби жароҳатларни олишди. Улар шифохонага олиб борилди ва жонлантириш ҳамда травматология бўлимига жойлаштирилди», - дейилади бошқарма хабарида.

Айни вақтда Россия ИИВнинг Астрахань области Ахтубинск тумани бўйича ЙҲХБ ходимлари рўй берган ЙТҲнинг барча тафсилотларини аниқлашмоқда.

Полиция инсон ўлимига олиб келган ва одамлар соғлиғига зарар етказган, Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиш ҳолати бўйича текширув ўтказяпти.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳозирча ҳодиса ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Липецк областида юз берган ЙТҲ оқибатида Ўзбекистоннинг 5 фуқароси ҳалок бўлганди.

Мавзуга оид