Италия А Сериясида 5-тур ўйинлари ўтказилди. Унда эътиборга молик бир қанча воқеалар юз берди.

Тур ўйинида «Наполи» сафарда «Торино»ни енгди

«Наполи» сафарда «Торино» билан беллашди. Ўйин меҳмонларнинг тўлиқ устунлиги остида ўтди. 4-дақиқадаёқ Инсинье ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Бу «Наполи»га қўшимча куч бағишлаган бўлса, «Торино»ни бироз саросимага солди. Якунда неаполликлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, 12 очко билан мусобақа жадвалида 2-ўринга чиқиб олишди.

Ўйиндан сўнг, «Наполи» бош мураббийи Карло Анчелотти янги тактикаси мева бераётганини айтди.

«Инсиньени марказга яқин жойда ўйната бошладим, бу эса самара берди. Айнан у ўйиннинг энг муҳим футболчиси бўлди. 4-4-2 тактикасида Верди ва Кальехонни қанотларда ўйнатмоқдаман. Инсинье ва Мертенс ҳужумда тўп тепмоқда. Натижада «Наполи» янада ишончли ўйин намойиш қиляпти» - деди Анчелотти.

Торино – Наполи 1:3 (0:2, 1:1)
23 сентябрь, «Олимпико ди Торино»
Голлар: 0:1 – 4 Инсинье, 0:2 – 20 Верди, 1:2 – 51, пенальти Белотти, 1:3 – 59 Инсинье.
Торино – Сиригу, Иццо, Нкулу, Моретти, Айна (Париджини, 77), Базелли (Эдера, 87), Ринкон, Мейте (Сориано, 62), Беренгер, Дзадза, Белотти.
Наполи – Оспина, Хюсай, Альбиоль, Кулибали, Луперто (Максимович, 74), Рог (Аллан, 60), Ҳамшик, Кальехон, Инсинье, Верди (Зелиньски, 54), Мертенс.
Огоҳлантиришлар: Кулибали (23), Ринкон (31), Рог (37), Иццо (43), Альбиоль (52).

Роналдунинг навбатдаги голи ва «Ювентус»нинг муаммоли ғалабаси

«Ювентус» сафарда камтарона «Фрозиноне» билан беллашди ва 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бироқ, туринликлар сўнгги 10 дақиқа ичида рақиб қаршилигини синдира олишди холос. 81-дақиқада ҳимоячилар хатосидан фойдаланган Роналду тўпни дарвозага йўллаб, ҳисобни очди. Сўнгги сонияларда Бернардески якуний ҳисобни ўрнатди. Бу ғалабадан сўнг, «Ювентус» 100% натижа билан жадвалда пешқадам бўлиб турибди.

Ўйиндан кейин «Ювентус» бош мураббийи Массимилиано Аллегри қийин ғалабанинг сабабини тушунтирди.